ТОШКЕНТ, 14 июн — Sputnik. 2017 йил 13 июн куни юқори даражадаги "Марказий Осиё — БМТ" мулоқотида иштирок этиш учун Ашхобод шаҳрига борган Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари, ташқи ишлар вазири Рашид Мередов билан учрашди. Бу ҳақда ТИВнинг матбуот хизмати ахборот берди.
Томонлар шу йилнинг март ва май ойларида олий даражадаги Ўзбекистон-Туркманистон музокаралари давомида эришилган келишувлар ижросининг амалий жиҳатларини муҳокама қилишди.
ТИВнинг хабарига кўра, учрашувда Ўзбекистон ва Туркманистоннинг халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорлиги ҳамда томонларни қизиқтирган бошқа масалалар муҳокама қилинди.
Эслатиб ўтамиз, юқори даражадаги "Марказий Осиё — БМТ" мулоқот БМТ Бош котиби Антониу Гутерреш раислигида бўлиб ўтди. Учрашувда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон ТИВ раҳбарлари иштирок этдилар. Томонлар БМТнинг Глобал аксилтеррор стратегиясини Марказий Осиёда амалга ошириш масалалари ва бошқа долзарб мавзулар юзасидан фикр алмашдилар.
Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.