ТОШКЕНТ, 14 июн — Sputnik. Ўзбекистон телевидениесининг энг машҳур кўрсатувиларидан бири — "Ахборот" информацион дастури фаолияти давом этади, деб маълум қилди Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси раисининг биринчи ўринбосари Бобур Алихонов халқаро пресс-клубда ўтган йиғилишда.
Унинг айтишича, ўзбек тележурналистларининг аксарияти "Ахборот"да ўсиб-улғайган, касб сир-асрорларини шу ерда ўрганган, шунинг учун улар ҳам худди томошабинлар сингари ушбу севимли кўрсатув тақдирига бефарқ эмаслар.
"Биз бу брендни сақлаб қоламиз деб ўйлайман. "Ахборот" — бу шунчаки кўрсатув номигина эмас, "Ўзбекистон" каналини томоша қилувчи аксарият аҳолимиз бу кўрсатувга ўрганиб қолган, уни ўнлаб йиллар давомида маълум бир вақтда кутишган, бу кўрсатувни кўриш ўзига хос анъана, ҳаёт тарзига айланиб қолган. Айнан шу нуқтаи назардан биз "Ўзбекистон" телеканали дастурларида ушбу кўрсатув бўлиши керак деган фикрга келдик", — деди у.
Лекин кўрсатув жиддий ўзгаришларга учрайди. У тўлалигича янги "Ўзбекистон 24" телеканали негизида тайёрланади.
"Унинг кўриниши ўзгаради, лекин мазмуни илгаригидек бўлади. Кўрсатув "Ахборот 24" деб номланса керак. У кечки вақтда куннинг якуний хабарларини икки тилда — ўзбек ва рус тилларида тақдим этади. Асосийси, кўрсатув бир вақтнинг ўзида "Ўзбекистон" ва "Ўзбекистон 24" каналларида эфирга узатилади", — таъкидлади Алихонов.