Ўзбекистонда одил судлов академияси ташкил этилади

© Sputnik / Андрей Старостин / Медиабанкка ўтишСудья болғачаси
Судья болғачаси - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
13 июн куни ўтказилган суд тизимига бағишланган видеоселектор давомида Ўзбекистон президенти ихтисослашган ўқув муассасаси - Одил судлов академиясини ташкил этиш ҳақида таклиф билдирди

ТОШКЕНТ, 14 июн — Sputnik. Йиғилишда судьяларни касбга тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш масаласи атрофлича муҳокама қилинди. Президентимиз томонидан бу борадаги ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида ихтисослашган ўқув муассасаси — Одил судлов академиясини ташкил этиш ҳақида билдирилган таклиф йиғилиш қатнашчилари томонидан қўллаб-қувватланди, деб хабар қилди Ўзбекистон президенти матбуот-хизмати.

Мирзиёев йиғилиш давомида бугунги кунда халқ кутаётган адолатли қарорлар қабул қилишга ҳар томонлама қодир, иродаси мустаҳкам, юксак касб ва маънавий фазилатларга эга бўлган суд ходимлари таркибини шакллантириш энг муҳим вазифа бўлиб қолаётганини таъкидлаган. "Шу маънода ўз соҳасини яхши билмайдиган, пухта касб ва ҳаёт тажрибасига, юксак маънавий-ахлоқий савияга эга бўлмаган юрист кадрлар ҳеч қачон судья лавозимига тайинланмаслиги керак", деган Ўзбекистон президенти.

Йиғилишда адолат ва маънавият — ўзаро чамбарчас боғлиқ тушунчалар экани, маънавият бўлмаган жойда ҳеч қачон адолат бўлмаслиги, шунинг учун ҳам судьялар, юрист кадрларни тайёрлаш ва судьялик лавозимига тайинлашда бу масалага алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги уқтириб ўтилди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев - Sputnik Ўзбекистон
Шавкат Мирзиёев яна бир видеоселектор йиғилишини ўтказди
Айнан маънавий фазилатларнинг етишмаслиги туфайли айрим судьялар ўртасида қонунга зид ҳаракатлар содир этиш, нопоклик, таъмагирлик, одамларнинг дарду ташвишларига лоқайд қараш, адолат мезонларига хилоф равишда қарорлар қабул қилиш ҳолатлари учраб келаётгани қаттиқ танқид қилинди. Ўзбекистон Республикаси Олий судининг собиқ раҳбарлари айнан ана шундай ўта муҳим масалаларга вақтида эътибор қаратмагани туфайли соҳада жиддий камчилик ва муаммолар вужудга келгани афсусланарли ҳолат экани таъкидланди.

Олий суднинг янги раҳбарлари олдига бундай камчилик ва муаммоларни тезлик билан бартараф этиш, суд органлари ва судьялар фаолиятини қонун ва адолат талаблари асосида самарали ташкил этиш бўйича зарур чора-тадбирлар кўриш бўйича аниқ вазифалар қўйилди.

Айниқса, фуқароларнинг суд идораларида сарсон-саргардон бўлишининг олдини олиш, ишларни ўз вақтида кўрмасдан, одамларни овора қилган суд ходимларига муносиб баҳо бериш зарурлиги қатъий таъкидланди. Шу мақсадда илгари сурилган муҳим бир фикр — ҳар бир судья томонидан аҳоли билан жойларда бир ойда камида бир марта очиқ мулоқотлар ташкил этиш ҳақидаги таклиф иштирокчилар томонидан тўлиқ маъқулланди.

Судья лавозимида фаолият кўрсатаётган суд ходимлари ўз фаолияти юзасидан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида ахборот бериши билан боғлиқ амалиётни йўлга қўйиш вақти келгани қайд этилди. Бундан буён судьялар фаолиятига, биринчи навбатда, халқнинг ўзи баҳо беради, деди Мирзиёев.

Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.

Янгиликлар лентаси
0