ТОШКЕНТ, 13 июн — Sputnik. Блогер Мирзо Субханов Озодбек Назарбеков томонидан "Ўзбекконцерт" йиғилишида айтилган фикрларга ўз норозилигини билдирди.
Қайд этилишича, Озодбек йиллар мобайнида санъаткорлар Давлат ташкилотлари томонидан ҳурматсизликка учраб келишаётгани ва санъаткорлар хизматидан бепул фойдаланиб келинаётганини иддао қилиб, келгусида бу нарсага чидаб бўлмаслиги ва Давлат тадбирларида фақат пуллик хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш кераклигини ҳам айтиб ўтган. Озодбекнинг бу талаби бошқа санъаткорлар томонидан ҳам қўллаб-қувватланган.
Блогер халқ артистининг бу сўзларига жавобан: "Наҳотки шунча йиллар давомида "хўрланиб" келган санъаткорлар фақат бугун бу масалани кўтариб чиқдилар?! Бунга нима сабаб бўлди?", дея савол ташлаган. Ҳамда "балки бунга охирги пайтларда Озодбек Назарбековни одамлар тўйларга камроқ чақираётгани сабабдир. Ёки санъаткорлар Давлат тадбирларида пул кўчириш йўли билан қатнашиб, ўзларининг молиявий ҳолатини ўнглаб олмоқчими", деб таъкидлаган.
Умуман олганда ўз фикрларимни бировни пулини санаш учун билдираётганим йўқ, дея давом этади Субханов.
"Шахсан менга тинчлик бермаётган савол: "Нега Озодбек Давлат ташкилотлари, хусусан Прокуратурани умумий ёмонлади?". Юридик жихатдан унинг бу ҳаракатлари "Давлат органларига асоссиз равишда очиқдан-очиқ беҳурматлик ва туҳмат қилиш", деб баҳоланиши мумкин. Бу эса маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланишига сабаб бўлиши мумкин.
Шундан сўнг блогер халқ артистига ўз мурожаатини баён этган.
"Ҳурматли фукаро О. Назарбеков! Агар Сизни Давлат ташкилотлари мансабдор шахсларидан кимдир хафа қилган бўлса ҳам, Сиз умумий бир Давлат органини айблашга хаққингиз йўқ! Сизни хафа қилган мансабдор шахсларнинг исм-фамилиясини айтинг, исбот келтиринг, акс ҳолда Сизнинг миш-мишчидан фарқингиз қолмайди.
Ўйлаб кўринг, Сиздек нуфузга эга одам "прокуратура ёмон" деса, оддий халқнинг Давлатга бўлган ҳурмати пасаймайдими?
Прокуратура корпоративига борибсиз, пул сўрашга уялибсиз, нега вақт ўтгач улар ёмон сиз яхши бўлишингиз керак?
Давлат тадбирларида қатнашиш учун олдиндан банк ҳисоб рақамингизга тўлов қилишни таклиф этдингиз. Аммо нима учун кунига битта автомобил сотиб олса бўладиган пулга тенг, ноқонуний валютада тўйлардан келадиган тушумни бошқа тадбиркорлар сингари банкка топширмайсиз? Ахир ҳар қандай тадбиркор, солиқдан озод бўлса ҳам, тадбиркорликдан келган кунлик нақд пул тушумини банкка топшириши шартмасми? Накд пул бўйича Марказий банкда карийб ҳар куни мажлис ўтказилишидан сизнинг хабарингиз йўқ бўлса керак, тушунишимча.
Ҳурматли устоз санъаткорларимиздан бири Муножот Йўлчиева тўйларга чиқишни ўзларига эп кўрмас эканлар. Ҳаттоки консерваторияга кўп пайтларда жамоат транспортида етиб олар эканлар. Мана сизга санъаткор ва "тадбиркор"нинг фарқи.
Давлат байрамлари бу авваламбор халқимизнинг хурсандчилик куни. Кўплаб устоз ва янги умидли санъаткорлар бу хурсандчиликни халк билан бирга кутиб олишни орзу қилиб юрадилар. Уларга пулнинг аҳамияти йўқ.
Сизга қолса кейинги "Ўзбекконцерт" мажлисларида "Мустакиллик байрамида одамлар нега санъаткорга пул қистирмайди?" деб, шу анъанани жорий этсангиз, ажабмас.
Тарихда ҳалол меҳнат қилиб топилган пулни ерга сочиш ва одамларга қистиришни ҳам ўша пайтдаги "тадбиркор" санъаткорлар ўйлаб топишган.
Санъаткорлар! Даврингиз ўтиб кетмокда, овоз борида гапириб олинглар, деб қоламан".
Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи-назари билан мос тушмаслиги мумкин.