ТОШКЕНТ, 13 июн — Sputnik. Бугун ўзбекистонлик зиёратчиларнинг 205 нафардан иборат дастлабки гуруҳи Тошкент — Жидда — Тошкент йўналиши бўйлаб Саудия Арабистони Подшоҳлигига умра амалларини бажариш учун учиб кетдилар, дея хабар беради Дин ишлари бўйича қўмитанинг Халқаро алоқалар бўлими.
Рамазон мавсумида зиёрат 10 кунни ташкил этади. Зиёратчилар Мадина шаҳрида 3 кун, Маккада эса 7 кун бўладилар. Зиёратчиларга мавсум давомида ўзбекистонлик 4 нафар ишчи гуруҳи, 13 нафар гуруҳ раҳбари (элликбоши), 3 нафар шифокор ва 2 нафар ошпаз хизмат кўрсатади.
Барча зиёратчилар марказлашган тиббий пунктларда менингит ва гриппга қарши зардоб билан эмланди.
Ўзбекистонлик зиёратчилар истиқомат қилишлари учун Мадина шаҳрида тўрт юлдузли "Нур ал-Мавадда" меҳмонхонаси, Макка шаҳрида эса "Аброж ал-Меридиан" меҳмонхонаси тайёрлаб қўйилган.
Жорий йилнинг 13 июнь кунидан 29 июнь кунига қадар ўзбекистонлик фуқароларни умра зиёратига кузатиш ва кутиб олиш режалаштирилган.
"Умра-2017" Рамазон мавсумида жами 672 нафар фуқароларимиз умра ибодатини адо этишлари режалаштирилган.