Ўзбекистондан четга ишга кетиш ва куннинг бошқа долзарб масалалари ҳақида интервью

© Sputnik / Илья Питалев / Медиабанкка ўтишМеҳнат мигрантлари
Меҳнат мигрантлари - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Бугун аксарият ўзбекистонликлар Россияда ишлашмоқда. Меҳнат мигрантлари чет элда ишлаш билан бирга ўз келажаклари ҳақида қайғуряптиларми? Янги жорий этилаётган қонунга кўра, эндиликда қонуний ишлаган меҳнат мигрантлари келажакда пенсиясиз қолмайди

ТОШКЕНТ, 12 июн — Sputnik. Қонуний ишлаган келажакда пенсиясиз қолмайди, деб таъкидлади Халқ сўзи мухбири Руслан Кенжаев билан бўлиб ўтган суҳбатда Аҳоли ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳузуридаги Чет элларга кетаётган фуқароларни олдиндан кўниктириш ва ўқитиш маркази директори Шукур Бурҳонхўжаев.

Делегация Роструда посетила Узбекистан - Sputnik Ўзбекистон
Россияда ишлаётган мигрантларнинг стажи ва пенсия таъминоти муҳокама қилинди
Нашрда қайд этилишича, Ўзбекистонда фуқароларни хорижда уюшган ҳолда ишга жойлаштириш, уларнинг ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш бўйича фаол иш олиб борилаяпти. Мирзиёевнинг яқинда қабул қилинган "Бандлик соҳасида давлат сиёсатини янада такомиллаштириш ва меҳнат органлари фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони ҳам ушбу мақсадга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Унда аҳолининг ташқи меҳнат миграциясини ташкил этиш тизимини ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Аҳоли ташқи меҳнат миграцияси агентлиги фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар белгиланган.

— Мамлакатимизда янги шароитларда меҳнат миграциясига бўлган муносабат тубдан ўзгармоқда, — дейди Ш. Бурҳонхўжаев. — Мигрантларнинг юртимиз иқтисодиётига, айни пайтда улар ишлаётган мамлакатлар тараққиётига қўшаётган ҳиссаси катта. Ўз навбатида, чет мамлакатларда меҳнат қилаётган юртдошларимизнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя этишга устувор аҳамият қаратилаяпти. Ҳозирги кунда Аҳоли ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг фаол иштирокида ушбу соҳадаги ҳуқуқий асослар такомиллаштирилмоқда. Ишга ёллаш (рекрутинг), меҳнат миграцияси тўғрисидаги қонун лойиҳалари ишлаб чиқилаяпти, амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш кўзда тутилмоқда.

Работа в цехе швейной фабрики - Sputnik Ўзбекистон
Меҳнат миграцияси агентлиги фуқароларни Москва вилоятига ишга таклиф этмоқда

Ана шундай амалий ишлардан бир мисол. Яқингача хусусий меҳнат шартномаси асосида хорижда меҳнат фаолияти учун ҳужжатларни расмийлаштириш ҳамда лицензия олишга икки ойгача вақт кетар эди. Эндиликда бу муддат 15 кунни ташкил қилади. Расмийлаштириш жараёнини янада соддалаштириш бўйича ишлар олиб борилаяпти. Агентлик фуқароларнинг ишлаш учун хорижга чиқишига бирор-бир тартиб тўсқинлик қилмаслиги керак, деб ҳисоблайди. Шу сабабли юртдошларимизнинг хорижга чиқиб ишлаш жараёнини иложи борича соддалаштириш устида бош қотирилаяпти.

- Маълумки, меҳнат мигрантларимизнинг катта қисми Россияда ишлашади. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг мазкур мамлакатга қилган давлат ташрифида ушбу йўналишда муҳим келишувга эришилди. Бу Россияга ишлаш учун бормоқчи бўлган фуқароларимизга нима беради?

— Ташриф доирасида Россия Федерацияси ҳудудида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ташкилий асосда қабул қилиш ва жалб этиш тўғрисида ҳамда Миграция соҳасида ваколатли органларнинг ваколатхоналарини ўзаро таъсис этиш тўғрисида битимлар имзоланди. Шунингдек, миграция соҳасида ҳамкорликнинг халқаро тан олинган шаклларини янада ривожлантиришга кўмаклашиш юзасидан келишувга эришилди.

Подписание документов - Sputnik Ўзбекистон
Россия ва Ўзбекистон меҳнат миграцияси бўйича келишув имзолади
Имзоланган битимлар бу борадаги аҳволни ўзгартириб, одамларнинг қонуний ишлашга бўлган рағбатини оширади. Мазкур ҳужжатлар меҳнат мигрантлари ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг асосий тамойилларини белгилаб беради. Ҳозирги вақтда уларни ҳаётга татбиқ этиш механизмлари ишлаб чиқилаяпти. Ҳукуматлараро битим қоидаларига кўра, меҳнат мигрантларини уюшган ҳолда ёллаш ва жалб қилишда иштирок этаётган иш берувчи уларни тегишли стандарт ва санитария-гигиена талабларига жавоб берадиган яшаш жойи, хавфсиз меҳнат шароити билан ҳамда меҳнат муҳофазасини таъминлаши керак бўлади. Бинобарин, иш жойида хавфсизлик техникасига риоя этилиши, Россия Федерацияси қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам иш ҳақи миқдоридан кам бўлмаган ойлик-маош тўловини кафолатлаши лозим. Иш берувчилар ходимларни Россия Федерацияси қонунчилиги талаблари бўйича тузилган меҳнат шартномалари асосида ёллайди. Унга мувофиқ, ишчи-ходим дам олиш ҳуқуқига эга бўлади, ўзаро келишувга асосан, Ўзбекистондаги расмий байрам кунларида ҳам дам олишлари мумкин.

Шу билан бирга, юқорида айтилганидек, икки мамлакат ҳудудида миграция соҳасида ваколатли органларнинг ваколатхоналарини ўзаро таъсис этиш тўғрисида битим имзоланди. Улар ҳамкорликни ривожлантириш, халқаро шартномаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этиш баробарида, фуқароларнинг меҳнат миграцияси тўғрисида ахборот тўплаш, таҳлил қилиш, ваколатлари доирасида уларнинг ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланади. 2017-2018 йилларда Москва, Санкт-Петербург, Белгород, Краснодар, Калининград, Владивосток, Хабаровск, Красноярск, Новосибирск, Екатеринбург, Тюмень, Волгоград, Қозон ва Минеральние Водида ваколатхоналар очиш кўзда тутилаяпти.

— Фуқароларимизнинг қайси мутахассисликлар бўйича Россияда ишлашини уюшган ҳолда ташкил этиш режалаштирилаяпти? Ушбу мамлакатда қонуний меҳнат қилиш қанчага тушади?

- Россиядаги иш берувчилар таклиф этган барча мутахассислик бўйича уюшган ҳолда ишга қабул қилиш ташкил қилинади. Ҳозирги кунда ҳайдовчилар, тикувчилар, қурувчилар, токарлар ва бошқа мутахассисликлар бўйича танлов кетаяпти.

Шу ўринда тўлов тўғрисида. Ҳуқуқий ҳужжатларга кўра, агентлик хўжалик ташкилоти бўлиб, давлат бюджетидан маблағ олмайди. Ҳужжатларни, рухсатномаларни расмийлаштириш, бериш ва муддатини узайтириш учун олинган маблағлар идора фаолиятини молиялаштиришда муҳим манба ҳисобланади. Мавжуд тарифлар Бандлик ва —меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланади.

Иш топиш, чет элларда меҳнат фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ чиқиш ҳужжатларини расмийлаштириш хизматлари ҳақи энг кам иш ҳақининг 4 баравари, яъни қарийб 600 минг сўм миқдорида белгиланган. Бўлғуси меҳнат мигранти, шунингдек, Чет элларга кетаётган фуқароларни олдиндан кўниктириш ва ўқитиш маркази курслари учун ҳам ҳақ тўлаши мумкин.

Бу Россия, Польшага боришни истаганлар учун 600 минг, Жанубий Кореяга борадиганларга 900 минг сўм атрофида. Мазкур курсларда меҳнат мигрантига бораётган давлат қонунлари, анъаналари тушунтирилади, мулоқот қилиш ва иш учун етарли даражада тил ўргатилади, хавфсизлик техникаси қоидалари ва меҳнат муҳофазаси талаблари ҳақида батафсил ахборот берилади. Йил бошидан бери ушбу марказда қарийб 500 киши таҳсил олди.

Айни пайтда комплекс тиббий кўрикдан ўтиш керак бўлади. Бунга 127 минг 500 сўм кетади. Агентлик доирасида сарфланадиган харажатлар — шулар. Аммо ходим, мисол учун, Россияда ишлайдиган бўлса, патент учун ҳам тўлов қилиши керак бўлади. Бундан ташқари, чипта, иш жойига етиб олиш учун йўл ҳақи, виза тартиби амал қиладиган давлат учун эса виза тўловларини амалга ошириши лозим.

Албатта, ҳаммада ҳам юқорида қайд этилган тўловлар учун етарли даражада маблағ бўлмаслиги мумкин. Шу сабабли ҳам агентлик молия муассасалари ва айрим иш берувчиларнинг эътиборини мазкур муаммони ҳал қилишга қаратмоқда. Юртимиз ҳамда —Россиянинг қатор банклари ишга кетаётганларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш, ўқитиш, йўлкира ҳамда дастлабки яшаш жойи учун қисқа муддатли кредитлар ажратиш истагини билдиришди. Бунда кредит тўлови иш жойида ойлик маошидан ушлаб қолиш орқали қопланади. Бир қатор иш берувчилар нафақат йўл ҳақини, айни пайтда патент учун кетадиган маблағларни ҳам кўтаришга тайёр. Бу маблағлар кейинчалик ходимнинг ойлик маошидан ушлаб қолинади.

- Юқорида Польшани тилга олдингиз. Яқинда оммавий ахборот воситаларида ушбу мамлакат юртимиздан ишчиларни ёллашга қизиқаётгани ҳақида ахборотлар пайдо бўлган эди. Шу хусусда тўлиқроқ маълумот берсангиз.

— Ушбу йўналишда ҳамкорлик жорий йилнинг 8 февраль куни бошланган эди. Ўшанда Польшанинг "JP Construct sp.z.o.o." компанияси билан Ўзбекистон фуқароларини мазкур мамлакатга ишга жалб қилиш ва ёллаш тўғрисида битим имзоланди. Компания Европанинг ушбу давлатида йилига 2,5 минг юртдошимизни иш билан таъминлашни режалаштирган. Жорий йил март ойида агентлик делегацияси Польшага ташриф буюрди. Лодзин ва Люблин ҳудудлари губернаторлари билан учрашувларда агентлик тақдимоти ўтказилди ҳамда мазкур ҳудудларнинг йирик бизнес тузилмалари учун брифинглар ташкил қилинди. Кўплаб етакчи компаниялар билан келажакдаги ҳамкорлик бўйича ҳужжатлар имзоланди.

Ҳозирги кунда "JP Construct sp.z.o.o." компанияси 50 нафар кишини танлаб олди. Яқин кунларда улар ушбу мамлакатга кетишади. "Арроу" кадрлар агентлиги ҳайдовчилар, музлаткичли цехлар учун ишчилар, бошқа ихтисосликлар бўйича мутахассислар сўраб мурожаат қилган. Улар оддий талабларни қўйишмоқда, яъни ходим меҳнатга лаёқатли ва соғлом, малака ҳамда тажрибага эга бўлиши, борадиган мамлакатнинг тили ва қонунларини маълум даражада билиши лозим.

- Меҳнат соҳасида кўп йиллик ҳамкоримиз — Жанубий Корея билан муносабатлар қандай ривожланаяпти?

Жанубий Корея - Sputnik Ўзбекистон
Эшитдингизми, Корея ўзбекистонликлар учун виза беришни осонлаштиради
- 2007 — 2017 йилларда Жанубий Кореяга "эркин ёллаш" тизими бўйича 27 минг нафардан ортиқ юртдошларимиз юборилди. Натижада минглаб кишилар мамлакатимизга янги тажриба ва билим билан, энг замонавий технологияларни ўзлаштириб қайтишди. Бугун улар турли соҳаларда фаолият юритишмоқда. Биргина жорий йил бошидан бери 343 киши Жанубий Кореяда ишлашга қайта бориш имкониятига эга бўлди. Биринчи чоракда агентлик томонидан ушбу мамлакатга 551 нафар Ўзбекистон фуқароси юборилди. Ҳозирги кунда "Тонг бокиралиги" ўлкасида 16,5 мингдан ортиқ юртдошларимиз меҳнат қилмоқда. Агентлик мунтазам меҳнат мигрантлари фаолиятини мониторинг қилиб бормоқда. Жанубий кореяликлар эса юртдошларимиз ҳақида ижобий фикр билдиришмоқда.

Ҳамкорларимиз билан биргаликда ёллаш тизими такомиллаштирилаяпти. Биз ходимларнинг Корея Республикасига боришига тайёргарлик муддатини қисқартириш механизмини ишлаб чиқдик. Натижада ушбу муддат икки баробар қисқартирилади ҳамда 15 — 35 кунни ташкил қилади.

- Агентлик орқали бошқа мамлакатларда меҳнат қилаётган юртдошларимиз ҳам бор. Ушбу давлатларда қандай мутахассисларга кўпроқ эҳтиёж мавжуд?

— Ўзбекистон ва Япония ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича фаол иш олиб борилмоқда. Тегишли вазирликлар ўзаро англашув меморандумини имзолаган, бошқа қўшма шартномалар ҳам мавжуд. Жорий йилда 14 нафар Ўзбекистон фуқароси Кунчиқар мамлакатнинг етакчи компанияларида уч йил давомида малака оширадиган бўлди. Ўмон ва Туркия давлатлари билан ҳам ушбу соҳада —битим тузиш мақсадида музокаралар олиб борилаётир.

- Маълумки, меҳнат миграцияси қоида тариқасида бир неча йил давом этади. Одамлар ишлаб бўлгач, Ватанига қайтади. Албатта, қариганда пенсия олиши керак. Улар Пенсия жамғармасига тўловни қандай амалга оширишади?

— Ходим чет элдан қайтганидан сўнг уч кун ичида ваколатли орган томонидан унинг паспортидаги чегарани кесиб ўтганлигини тасдиқловчи штамп асосида қайси мамлакатда ва қанча муддат ишлагани тўғрисида маълумотнома берилади. У Пенсия жамғармасига суғурта бадали тўлаш ва меҳнат дафтарчасига қайд киритиш учун асос бўлиб хизмат қилади. Чет элда бўлиш муддатлари, шунингдек, дипломатик ваколатхоналар ва консулликлар томонидан ҳам тасдиқланиши мумкин.

Ходим келажакда қанча пенсия олиш истагидан келиб чиққан ҳолда Пенсия жамғармасига киритадиган суғурта бадали миқдорини ўзи белгилайди. Бунда ойлик тўлов миқдори энг кам иш ҳақининг бир бараваридан кам бўлмаслиги керак. Суғурта бадалларини нақд ёки нақдсиз тўлаш мумкин.

Чет элда ишлаётган фуқаронинг меҳнат дафтарчаси унинг доимий яшаш манзили бўйича Пенсия жамғармаси бўлимида сақланади ва юритилади. Пенсия жамғармасига —бадал киритилган давргина меҳнат стажига қўшилади. Шундай қилиб, фуқаролар агентлик орқали қайсики мамлакатда ишламасин, меҳнат стажи тўплайди, суғурта бадалларини тўлайди ҳамда қариганда ўзи учун муносиб пенсияни кафолатлайди.

Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.

Янгиликлар лентаси
0