ТОШКЕНТ, 10 июн — Sputnik. Миллий банк ҳузуридаги Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси Хитойда ваколатхонасини очади. Вэйхай шаҳри импортчилар палатаси билан тегишли келишув имзоланди, деб хабар берди "Подробно.уз".
Жамғарма яқин келажакда Латвия, Сингапур, Португалия, Чехи, Люксембург, Польша, Буюк Британия ва бошқа давлатларда ўз ваколатхоналарини очишни режалаштирган. Ҳозирда Россия, Жанубий Корея, Италия, Болгария, Швейцария, Германия ва Испанияда жамғарма ваколатхоналари фаолият кўрсатмоқда.
Жамғарма ваколатхоналарининг асосий вазифаси маркетинг тадқиқотлари ўтказиш, ўзбек маҳсулотлари учун салоҳиятли импортчилар топиш, ўзбек брендларини хориж бозорларида танитиш, ўзбекистонлик тадбиркорларнинг кўргазма, ярмарка, тендер савдолари ва бошқа тадбирларда иштирокини ташкил этишдан иборат.
Жамғарма Ўзбекистон президентининг қарори билан 2013 йилда ташкил этилган.
Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.