ТОШКЕНТ, 10 июн — Sputnik. Тожикистон миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг хабарига кўра, 8 июнь куни кечқурун Тожикистон ва Афғонистон чегарасининг жанубий қисмида чегарачилар ва мамлакатга киришга уринган контрабандачилар ўртасида отишма содир бўлган. Бу ҳақда Sputnik Тожикистон хабар берди.
Мамлакатга киришга уринган шахслар охир-оқибат чекинишга мажбур бўлган. Ҳарбийлар ва наркосавдогарлар орасида қурбонлар бор-йўқлиги маълум қилинмаган.
Кейинроқ тўқнашув ҳудудида қопга жойланган оғирлиги 15 килограмм наша топилган.
Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг билдиришича, 2017 йил бошидан буён тожик ҳарбийлари 32 марта чегара бузиш ҳолатларини аниқлашган, 11 марта қуролли гуруҳлар билан тўқнашув содир бўлган ва саккиз нафар чегарабузар йўқ қилинган ҳамда беш нафари қўлга олинган. Ушбу ҳолатларда 340 килограмм гиёҳвандлик моддаси ва 130 дона қурол ва ўқ-дорилар мусодара қилинган.
Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.