ТОШКЕНТ, 9 июн — Sputnik. Ўзбекистон президенти ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмасига глобал ахборот маконида юзага келадиган таҳдидлар мониторинги тизимини ташкил этиш ва уларга қарши курашиш ваколатларини беришни таклиф қилди.
"Бугунги кунда халқаро террорчи гуруҳлар ва бузғунчи кучлар ўз фаолиятида ахборот технологияларидан янада кенгроқ фойдаланмоқда. Уларни ёшларимиз онгини заҳарлаш ва зўравонлик ғояларини тарқатиш учун қўлламоқда", — деди Мирзиёев Остонадаги ШҲТ саммитидаги чиқиши чоғида.
У шунингдек, ўсиб келаётган авлоднинг турли террорчи ва радикал гуруҳларга жалб этилишига қарши кураш борасида ҳамкорликдаги аниқ чораларни кучайтириш зарурлигини таъкидлади.
"Исломнинг барчани ҳамиша эзгуликка, тинчлик ва бағрикенгликка чорловчи асл қадриятларини кенг тушунтириш ва тарғиб қилиш муҳим деб ҳисоблаймиз. Ушбу мақсадда Самарқанд шаҳрида Ислом ҳамкорлик ташкилоти кўмагида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилмоқда", деди Ўзбекистон раҳбари.
Мирзиёев Ўзбекистон марказ ишида ШҲТ мамлакатлари уламолари фаол иштирок этишига умид билдираётганини қўшимча қилди.