ТОШКЕНТ, 9 июн — Sputnik. ШҲТнинг Остона саммити доирасида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўзи учун ажратилган қароргоҳда Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбоев билан учрашди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ҳукумат портали хабар қилди.
Шавкат Мирзиёев Қирғизистон президенти билан бу галги учрашуви икки давлат ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш, ҳамкорлик алоқаларни кенгайтиришда муҳим босқич бўлиши, Самарқанддаги учрашувда эришилган келишувларни мазмунан бойитишини таъкидлади.
Алмазбек Атабоев ўзбек ва қирғиз халқларининг азалий қардошлик муносабатлари, урф-одат ва анъаналари ўхшашлиги ўзаро ҳамкорликни изчил ривожлантиришда муҳим омил бўлаётганини қайд этди.
Кейинги пайтларда икки давлат ўртасидаги алоқалар сезиларли даражада фаоллашди. Давлат раҳбарларининг телефон орқали мулоқотлари, ҳукуматлар ва ҳудудлар даражасида делегациялар алмашинуви амалга оширилмоқда. Икки мамлакат жамоатчилиги вакилларининг Андижон ва Ўш шаҳарларига ўзаро ташрифи бўлиб ўтди.
Президентлар сиёсий мулоқотни янада ривожлантириш ва ижтимоий-иқтисодий муносабатларни кенгайтириш масалаларини муҳокама этиб, томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик қатор муаммолар юзасидан фикр алмашдилар.
Шавкат Мирзиёев Алмазбек Атамбоевни Ўзбекистонга ўзига қулай бўлган вақтда ташриф буюришни таклиф қилди.