ТОШКЕНТ, 7 июн — Sputnik. "Перспектива" республика тадбиркорлар жамоатчилик уюшмаси етакчиси Анатолий Шумченко ўзбек тадбиркорлари томонидан йўл қўйилаётган қоидабузарликлар ҳақида маълум қилди. Шумченконинг айтишича, ўзбек тадбиркорлари Беларус давлатида товарга тақдим этилиши лозим бўлган ҳужжатларсиз ҳамда касса ускуналарисиз фаолият юритишади. Бу ҳақда Спутник Беларус хабар қилмоқда.
"Сотилаётган товарларнинг аксариятида маҳсулот ҳақида маълумот берадиган маркировка йўқ, шу жумладан, болалар товарларига ҳам. Мунтазам равишда содир этилаётган қоидабузарликлар ва улар кўлами ўз ҳажми билан кишини лол қолдиради", — деб таъкидлайди у.
Шумченко беларус якка тадбиркорлари товарлар маркировкасига қўйилган қоидаларни бажарётганликлари, "аммо Ўзбекистонлик меҳмонлар учун, афтидан, қонун ёзилмагани"дан нолиган.
"Улар бутун мамлакат бўйлаб шу тарзда ишлашади", — деб қайд этган Шумченко.
Шумченко ўзбек тадбиркорлари моллари мана шунинг учун ҳам беларусларникига нисбатан икки, баъзан 2,5 баробар арзонлигини қўшимча қилган.
"Ўрта Осиёлик тадбиркорлар тармоғи ҳозирги кунда Беларуснинг ўнлаб шаҳарларини эгаллашга улгурди. Бизнинг корхоналаримиз бу сингари "виждонсиз" рақобатга дош беролмаяпти. "Перспектива" бу масалани ҳал қилишга киришади. Мен вазирлар столи устига маҳсулотлар намуналарини қўйиб, "бизнеснинг тенг шароитлари шуми" деб сўрамоқчиман. Ахир хусусий корхоналар бизнесини қайта форматлаб, уни қўшимча югур-югур ва харажатлар билан тўлдирган Лукашенко ва унинг ҳукумати бизларга энди бизнесда ҳаммага тенг шарт-шароит яратилади демаганмиди?", — дейилади Шумченконинг мақоласида.
Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.