ТОШКЕНТ, 18 май — Sputnik. Латвия бош вазири Марис Кучинскис ўзбекистонлик тадбиркорларни Латвиядаги эркин портлар ва иқтисодий ҳудудларда янги корхоналар ташкил этишга чорлади. Бу ҳақда бош вазир Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси Ниғматилла Йўлдошев билан учрашувда маълум қилди, деб хабар бермоқда Латвия вазирлар маҳкамаси матбуот хизмати.
Учрашувда М. Кучинскис ҳар икки мамлакат турли соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириши лозимлигини қайд этди.
"Биз ўзбекистонлик тадбиркорларга Латвиядаги эркин портлар ва иқтисодий ҳудудларда инвестиция киритиш ва янги корхоналар ташкил этишни таклиф қиламиз", деди бош вазир.
У шунингдек, Латвияда ўзбек маҳсулотларининг Европага экспорт қилинишини таъминлайдиган Ўзбекистон савдо уйининг очилишини олқишлади.
Кучинскис экологик технология ва электрон бошқарув борасидаги ўзаро ҳамкорликни ҳам истиқболли йўналишлардан деб баҳолади.
Кучинскис ва Йўлдошев Латвия-Ўзбекистон ҳукуматлараро комиссиясининг ишини юқори баҳоладилар. Учрашув якунида Кучинскис Ўзбекистон бош вазири Абдулла Ориповни Латвияга ташриф буюришга таклиф этди.
Бу йил Латвия ва Ўзбекистон ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганига 25 йил тўлади. Ўтган давр мобайнида мамлакатлар ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик кенг ривожланди. Ўтган йили Ўзбекистон ва Латвия ўртасидаги товар алмашув ҳажми 2015 йилдагига нисбатан 42,04 фоизга ёки 27,52 млн еврога ошди.
Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.