ТОШКЕНТ, 6 июн — Sputnik. Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 8-9 июнь кунлари Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг Остона шаҳрида ўтадиган навбатдаги мажлисида иштирок этади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ҳукумат портали хабар бермоқда.
Ўзбекистон Президенти Остона шаҳрида EXPO-2017 ихтисослаштирилган халқаро кўргазманинг расмий очилиш маросимида ҳам иштирок этади, қатор хорижий делегациялар раҳбарлари билан икки томонлама учрашувлар ўтказади.
ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари ташкилотнинг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама этиши, минтақавий ва халқаро сиёсатнинг долзарб муаммолари юзасидан фикр алмашиши, 2017-2018 йилларда ташкилотга раислик қиладиган давлат масаласини кўриб чиқиши кутилмоқда.
ШҲТнинг Тошкент саммити қарорларини амалга ошириш доирасида Остона шаҳрида Ҳиндистон ва Покистонни ташкилот аъзолигига қабул қилиш жараёни ниҳоясига етказилади.
Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.