ТОШКЕНТ, 3 июн — Sputnik. Украина пойтахти Киев шаҳрида "Тотли Шарқ" ўзбек ошхонаси фестивали бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда "Жаҳон" АА.
Тадбир Ўзбекистон ошпазлар ассоциацияси қўллаб-қувватлаши остида ўтказилди ва ушбу уюшманинг фахрий аъзоси Олимжон Норбоев палов тайёрлаш бўйича маҳорат дарсини ўтказди. Ташриф буюрганларнинг барчаси ўзбек миллий ошхонасининг шоҳона таомини тотиб кўришди.
Фестиваль меҳмони —KUSUM (Ҳиндистон) компанияси бош директори Ражив Гупта ўзбек палови пазандалик санъатининг чўққиси ва Ўзбекистоннинг ташриф варақаси эканлигини эътироф этди.
"Палов тайёрлаш анъанаси оилаларда сақланиб келади, устоздан шогирдга ўтади ва халқ маданиятининг бир қисми ҳисобланади. Бу ижтимоий муносабатлар ва бирдамликни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шу боис ҳам ўзбек палови инсониятнинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритилган", — деди у.
Ўзбекистон дипломатик миссиясининг таклифига кўра, фестивалда тушган маблағлар оғир бемор Лазизбек Шариповнинг мураккаб жарроҳлик операцияси харажатларини қоплаш учун Украина Соғлиқни сақлаш вазирлиги болалар кардиологияси ва кардиожарроҳлиги маркази ҳисобига ўтказиладиган бўлди. 2016 йилда туғилган хоразмлик гўдак юрак-қон томир тизими касаллигидан азият чекмоқда.
Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.