ТОШКЕНТ, 2 июн — Sputnik. Россиядаги А.Н.Бакулев номидаги юрак-қон томир хирургияси маркази директори, академик Л.А.Бокерия Ўзбекистонга келди. Бу ҳақда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Ташриф давомида Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош кардиохирурги Л.А.Бокерия Республика ихтисослаштирилган кардиология марказининг Хоразм филиалида бўлиб, ўзбекистонлик шифокорлар фаолияти билан яқиндан танишади.
Л.А.Бокерия ўзбекистонлик мутахассислар билан ҳамкорликда Хоразм вилоятида юрак-қон томир касалликларининг оғир асоратли турлари билан оғриган беморларда жарроҳлик муолажаларини ўтказади. Ушбу жараён беморларга саломатлигини тиклаш учун катта имконият бўлса, мамлакат кардиожарроҳлари учун мастер-класс ҳам бўлади.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Республика ихтисослаштирилган кардиология марказининг Хоразм филиали фаолияти билан яқиндан танишган чоғида шифохона негизида Россиянинг А.Бакулев номидаги юрак-қон томир жарроҳлиги илмий-амалий маркази филиалини ташкил этиш бўйича топшириқлар берган эди. Мазкур шифохона келажакда Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро вилоятлари аҳолиси учун минтақавий марказ бўлиши кўзда тутилган.
А.Бакулев номидаги юрак-қон томир жарроҳлиги илмий-амалий маркази билан ўрнатиладиган ҳамкорлик доирасида маҳаллий шифокорлар россиялик ҳамкасблари билан мунтазам тажриба алмашиш имкониятига эга бўлмоқда. Бу эса аҳоли саломатлигини янада мустаҳкамлашга, маҳаллий мутахассисларнинг юқори технологияга асосланган энг мураккаб кардиохирургик амалиётларни муваффақиятли ўтказишдаги тажрибаларини янада бойитишга хизмат қилади.
Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.