ТОШКЕНТ, 31 май – Sputnik. Кеча Москванинг Люблино судида Усмоновнинг Навальный устидан берган аризаси бўйича биринчи мажлиси бўлиб ўтди.
Навальный суд мажлисига Россия бош вазири Дмитрий Медведевни, вазир ўринбосари Игорь Шуваловни ва яна бир неча раҳбарларни гувоҳ сифатида чақиришни талаб қилди.
Бунга Усмоновнинг адвокатлари ушбу кишиларнинг кўриб чиқилаётган ишга дахли йўқлиги туфайли уларни чақириш керак эмаслигини таъкидлашди.
Ундан ташқари Навальный, Алишер Усмоновнинг “зўрлаш банди” бўйича қамалгани ҳақидаги маълумотларни тарқатган, Англиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Грейг Мюррейни ҳам таклиф қилишни сўраган.
Усмонов ҳимояси “Бизга 2007 йилда иғво тарқатган англияликнинг нима кераги бор?”-, деб, Мюррейни чақириш талабига ҳам рад жавоби беришди.
Навальныйнинг адвокатлари, суд материалларига бир неча ҳужжатлар, жумладан Ўзбекистон Олий судидан Алишер Усмоновнинг судланганига доир ҳужжатларни қўшишни талаб қилди.
Судья Марина Васина иккала томон тақдимномаларини ўрганиб чиқиб, Навальный талаб қилаётган гувоҳларни суд мажлисига чақиришга асос йўқ деб жавоб берди. Шунингдек, кўрсатилган ҳужжатлар ҳам ноўрин эканлиги таъкидланди.
Навальный ўз навбатида, судья Марина Васина номзодини қабул қилмаслигини эълон қилди.
Эслатиб ўтамиз, бироз олдин Навальный ўз видеомурожаатида миллиардер Усмоновни Россия бош вазири Медведевга пора беришда, давлат мулкини ўғирлашда, шахтерларга кам ойлик тўлашда ва Ўзбекистонда “зўрлаб номусига тегиш” жинояти содир этаганликда айблаган эди.
Алишер Усмонов ҳам Навальныйга ўз видеомурожаати билан жавоб берди. Унда Усмонов ушбу айбловларнинг ҳар бирини аниқ фактлар билан инкор этиб, “Туф сенга Навальный” деган эди ва обрўсига путр еткизмоқчи бўлгани учун уни судга берган эди.
Россия ОАВлари хабарига асосан.