ТОШКЕНТ, 31 май — Sputnik. Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида 31 май — Халқаро кашандаликка қарши курашиш куни муносабати билан «Тамакисиз соғлом ҳаёт» мавзуида анжуман ўтказилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимияти матбуот хизмати хабар берди.
Тадбирда фармацевтика соҳасида фаолият олиб бораётган нодавлат нотижорат ва халқаро ташкилотлар вакиллари, профессор-ўқитувчилар, тиббиёт соҳасининг етакчи мутахассислари иштирок этди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, ҳар йили дунёда 6 миллион киши тамаки чекиш туфайли энг оғир касалликларга чалиниб, ҳаётдан кўз юмади. Бу — сигарет ҳар олти сонияда бир одамнинг умрига зомин бўлмоқда дегани. Бугун дунёда тамаки чекувчилар сони 1,6 миллиардга яқинлашган. Бу муаммога қарши курашишнинг энг самарали йўли соғлом ҳаёт кечиришни танлашдир.
Мутахассислар фикрича, соғлом турмуш тарзини яратишда аввало тамаки маҳсулотлари истеъмолига чек қўйиш зарур. Ундаги никотин моддаси инсон саломатлиги учун хавфли бўлиб, юрак, қон-томир, нафас аъзолари касалликларини келтириб чиқариши, организмда хавфли ўсмалар пайдо қилиш эҳтимоли кучли. Улар орасида ҳомиладор аёллар, гўдаклар, болалар, ўсмирлар ва ёшлар ҳаммадан кўп жабр кўрмоқда.
Тадбирда чекишнинг организмга ва интеллектуал ривожланишга салбий таъсирлари, бу глобал муаммонинг барқарор ривожланишга солаётган хавфи, унинг олдини олиш, хусусан, ёшлар ўртасида соғлом ҳаёт тарзини мустаҳкам қарор топтириш борасидаги долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Эслатиб ўтамиз, 2017 йил март ойидан бошлаб, Ўзбекистондаги жамоат жойларида тамаки маҳсулотлари чекиш тақиқланишидан огоҳлантирувчи белгиларни жойлаштириш тартиби жорий этилган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги буйруғи билан Низом тасдиқланган.
Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.