ТОШКЕНТ, 31 май — Sputnik. Ижтимоий тармоқда Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги номидан берилган эълонга кўра, техник ва қадоқловчилар Астрахан вилоятидаги корхонага ишга таклиф этилмоқда.
Полиэтилен ишлаб чиқариш соҳасида тажрибага эга бўлган техник-технолог ва техник-механикнинг ойлик маоши 30 минг рублни ташкил этади.
Қадоқловчилар (35 ёшгача бўлган аёллар) учун ойлик маош 20 минг рубль этиб белгиланган.
Хабарда айтилишича, иш вақти соат 9.00дан 18.00га қадар бўлиб, бир соат тушлик учун ажратилади.
Ўзбекистондан корхонагача етиб бориш учун йўл харажатлари иш берувчи томонидан қопланади. Касаллик варақалари тўланади. Ишлашга рухсатнома олиш ва яшаш жойида қайддан ўтишда ёрдам кўрсатилади. Яшаш ва овқатланиш харажатлари ишловчининг ўзи томонидан бўлади.
Мазкур эълон бўйича қизиқиш билдирган фуқаролар 214-51-87 ёки 214-47-29 телефон рақамларига қўнғироқ қилишлари ҳамда Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигининг ҳудудий бошқармаларига мурожаат қилишлари мумкинлиги айтилган.
Sputnik мухбири ушбу эълон бўйича агентлик билан боғланганида, агентлик ходими ижтимоий тармоқдаги саҳифа Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигининг расмий саҳифаси эмаслигини билдирди. Бироқ саҳифада берилган ишга таклиф ҳақидаги эълонни тасдиқлади.