ТОШКЕНТ, 29 май — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ушбу йилнинг сентябрь ойида АҚШга расмий ташриф уюштиришни режалаштирган, деб хабар қилмоқда РИА Новости.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 21-22 майда Саудия Арабистонида бўлиб ўтган араб-мусулмон мамлакатлари ва АҚШ саммитида америка президенти Дональд Трамп билан учрашган эди. Ўшанда АҚШ президенти Ўзбекистонда ўтказилаётган ислоҳотларга юқори баҳо берган эди.
Ташриф ушбу йилнинг 12-14 сентябрь саналари орасида бўлиб ўтиши эҳтимолдан холи эмас, чунки 13 сентябрь куни Нью Йоркда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеяси йиғилишининг етмиш биринчи сессияси бўлиб ўтади. Унда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этиши режалаштирилган.
Айтиш жоизки, Ўзбекистон олий раҳбариятия АҚШга расмий ташриф билан сўнгги бор 2002 йилда борган эди. Ўшанда Ўзбекистон Биринчи президенти Ислом Каримов Жорж Буш таклифига биноан Америка Қўшма Штатларида бўлиб Оқ уйда музокаралар ўтказган эди.