ТОШКЕНТ, 26 май — Sputnik. Жиззах шаҳрида таълим муассасалари ўқувчиларининг "Баркамол авлод — 2017" республика спорт мусобақалари бошланди, деб хабар берди спорт мусобақаларининг матбуот хизмати.
"Баркамол авлод" спорт мусобақалари еттинчи маротаба ўтказилмоқда. Эътиборлиси, ушбу спорт мусобақалари биринчи марта Жиззах вилоятида спортнинг 8 тури бўйича ташкил этилган эди. Бу йилги мусобақалар спортнинг ўн етти тури бўйича ўтказилмоқда.
Ана шу спорт ўйинларида тобланиб, ҳозирги кунда халқаро майдонларда Ўзбекистон байроғини баланд кўтариб келаётган Ҳасанбой Дўстматов, Руслан Нурудинов, Шаҳобиддин Зоиров, Нигина Шарипова, Фазлиддин Ғойибназаров, Шаҳрам Ғиёсов, Бектемир Мелиқўзиев, Барно Мирзаева, Умида Абдуллаева, Рустам Тўлаганов, Муроджон Аҳмадалиев, Гулноза Матниёзова, Ихтиёр Наврўзов, Элмурод Тасмурадов, Диёр Ўразбоев, Ришод Собиров каби спортчиларнинг номлари ҳурмат ва ғурур билан тилга олинади.
Мусобақанинг мамлакат босқичида туман, шаҳар, вилоят миқёсидаги беллашувларда ўз иқтидори ва қобилиятини намоён этган энг сара спортчилар қатнашмоқда.
"Баркамол авлод — 2017" спорт ўйинлари оловини бокс бўйича икки карра Олимпия ўйинлари иштирокчиси Хуршид Тожибоев ва дзюдо бўйича Осиё чемпиони Ирода Абдураҳмонова ёқди.
Ўзбекистон президентининг "Баркамол авлод — 2017" спорт ўйинлари иштирокчиларига табриги ўқиб эшиттирилди.
Президент табригида ёшлик ва нафосат байрами, маҳорат ва камолот кўриги бўлган бу мусобақаларни юқори даражада ўтказиш учун замонавий спорт иншоотлари, инфратузилма объектлари бунёд этган, бу йўлда сидқидилдан хизмат қилган барча фидойи инсонларга, бутун Жиззах аҳлига ўз миннатдорлигини изҳор қилди.
Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.