ТОШКЕНТ, 19 май — Sputnik. Рио Олимпиадасидан кейинги бу йирик мусобақада тўртинчи ўринда кетаётганимизга, кўпчиликда савол уйғонаётган бўлса ажаб эмас. Олимпиадада бу жамоалар ичида биз биринчи ўринда эдик, нима учун ҳозир тўртинчи, деб ёзади "olamsport.com".
Бошқа иштирокчи мамлакатлардан фарқли равишда, Ўзбекистон делегациясининг мусобақада иштирок этиши Боку-2017 бошланишига роппа-роса бир ой қолганида маълум бўлди. Футболдан фарқли ўлароқ, спортимизнинг аксар федерацияларининг 2 йиллик режаси аввалдан маълум бўлади. Ким, қайси мусобақага боришидан тортиб, қаерда, қандай йиғинлар ўтказилишигача.
Шу боисдан Ўзбекистон делегацияси учинчи таркиб билан турнирга ташриф буюрди. Фақат таэквандо, каратэ ҳамда курашда асосий таркимибизни кўришимиз мумкин эди. Курашчиларимиз эса 2 кун аввал Ҳиндистонда бўлиб ўтган Осиё чемпионатидан ташриф буюришди.
Туркия, Озарбайжон ва Эрон делегациялари эса асосий таркибда мусобақада иштирок этяптилар. Туркия шарафини 336, мезбонлар шарафини 325 нафар спортчи ҳимоя қилаяпти. Эрондан эса 158 нафар спортчи мусобақага ташриф буюрди.
Ўзбекистон делегациясида 102 нафар спортчи. Яна бир маълумот, Эрон билан тенгма-тенг кетаётган бир пайтимизда, мусобақада Эроннинг миллий спорт тури зорхана ҳам қўшилди. Миллий спорт турини ривожлантиришга бел боғлаган эронликлар рақибларига ўзлари пул тўлаб мусобақага таклиф қилдилар. У ердан 5-6та олтин медални ўз ҳисобларига ёзиб қўйишларини башорат қилиш қийин эмас.
Агар мусобақада иштирок этишимиз йил бошида маълум бўлганида, делегациямиз сони бундан бир неча кишига кўп бўларди. Ҳеч бўлмаса асосий таркибда мусобақада қатнашар эдик.
19 май ҳолатига кўра спортчиларимиз томонидан қўлга киритилган олтин медаллар сони 14тага етди.Шунингдек, ҳисобимизда 14 та кумуш, 26 та бронза, жами 54 та медал бор. Бу билан медаллар жамғариш бўйича умумжамоа ҳисобида 4-ўринни эгаллаб турибмиз.
Биздан олдинги ўринда бораётган Эрон терма жамоасида 16 та олтин медал бор.
Озарбайжон терма жамоаси иккинчи ўринда боряпти. Мезбонлар ҳисобида 59 та олтин медал бор. Кумуш медаллар сони 33, бронза эса 24 тани ташкил қилмоқда.
60 та олтин, 52 та кумуш, 43 та бронза медални қўлга киритган Туркия терма жамоаси ҳамон 1-ўринни банд этган.