Ўзбекистонга бориш учун 10 та сабаб

Oбуна бўлиш
Бельгиянинг "Brussels Express" электрон нашрида Ўзбекистоннинг сайёҳлик имкониятларига бағишланган мақола эълон қилинди

ТОШКЕНТ, 24 май — Sputnik. Бельгиянинг "Brussels Express" электрон нашрида ана шу сарлавҳа остида видеолавҳа ва суратлар билан тўлдирилган Ўзбекистоннинг сайёҳлик имкониятларига бағишланган мақола эълон қилинди. Бу ҳақда "Жаҳон" АА ёзмоқда.

"Brussels Express" — Бельгиянинг инглиз тилида ахборот тарқатувчи электрон нашри бўлиб, жамоатчиликни Европа Иттифоқи ва халқаро миқёсда содир бўлган сиёсий, иқтисодий ва маданий воқеа-ҳодисалардан хабардор қилиб боради. Бельгия расмий идоралари, Европа парламенти ва Европа Иттифоқи институтлари ҳамда Брюссел ва ЕИда аккредитациядан ўтган дипломатик ваколатхоналар вакиллари нашрнинг асосий ўқувчилари ҳисобланади.

Самарқанддаги туристлар - Sputnik Ўзбекистон
Япон ОАВ: Ўзбекистон - Марказий Осиё туризми маркази

Мақола муаллифи нашр бош муҳаррири Антонио Бускардини шу йилнинг апрел ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган "Дам олиш дунёси-2017" V халқаро Ўзбекистон сайёҳлик кўргазмаси иштирокчиси саналади.

Журналистнинг сўзларига кўра, меҳмондўстлик ва самимийлик ўзбек халқининг ўзига хос жиҳати ҳисобланади ва шунинг учун ўзбекларда меҳмонни мавжуд имкониятидан ортиқ даражада кутиб олиш қадрланади. Бу мамлакат жозибадорлининг асосий омилидир.

А.Бускардини иккинчи сабабни Марказий Осиёда энг бой бўлган ўзбек миллий ошхонасидир, деб атайди. Мамлакатда энг машҳур ва хуштаъм таомнинг палов эканлигини таъкидлар экан, муаллиф уни тайёрлаш усули тасвирга туширилган видеолавҳани улашади.

Мақола мутолааси чоғида Ўзбекистон бозорлари муаллифнинг алоҳида эътиборини тортганини англаш мумкин. А.Бускардини Тошкентнинг энг йирик бозори — Чорсуга боришни тавсия этади.

Туристы в Бухаре - Sputnik Ўзбекистон
Ўзбекистонда туристлар учун мобил илова яратилди

"У Буюк Ипак йўли пайдо бўлган даврлардан буён мавжуд, — деб ёзади бельгиялик журналист. — Эски шаҳарнинг қоқ ўртасида жойлашган ёрқин мовий гумбазли бозор қуруқ мевалар ва шарқона ширинликлар, сабзавот ва мевалар сотиладиган марказдир".

Тўртинчи сабаб сифатида мамлакатда ҳукмрон бўлган миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик саналади. Муаллиф Ўзбекистонда асосан мусулмон динига эътиқод қилувчи аҳоли истиқомат қилишига қарамай, черков ва синагогалар эркин фаолият юритиши ҳақида тўхталади. Мамлакатда 130 дан зиёд миллат ва элат вакиллари тинчлик ва аҳилликда умргузаронлик қилиши қайд этилади.

А.Бускардинининг фикрича, европаликларнинг Ўзбекистонга бориши учун яна бир сабаб бу — Тошкентдаги Сайилгоҳ кўчасидир.

"Унда сайр қилар экансиз, таниқли бўлмаган рассомлар мўйқаламига мансуб асл санъат асарларини кўришингиз мумкин. Бу ерда кўплаб тамаддихона ва ресторанлар жойлашган. Сайилгоҳдан сиз қўлда ясалган турли ашёларни, билагузук ва бошқа кўплаб буюмларни харид қилишингиз мумкин".

Бундан ташқари, Ўзбекистон жозибадорлигининг яна бир жиҳатини муаллиф замонавий меъморчилик, деб ҳисоблайди. Шу ўринда нашр 1966 йилда Тошкентда содир бўлган зилзиладан сўнг шаҳарни қайта тиклаш борасида амалга оширилган кенг кўламли ишлар ҳақида тўхталади. Мамлакатда биринчи рамзий бино ҳозирги "Ўзбекистон" меҳмонхонаси бўлгани айтилади.

Журналист шунингдек, ўз ўқувчиларига Самарқанд шаҳрининг гўзаллиги ҳақида ҳикоя қилади. "Сиз қадимий Римга тенгдош бўлган ушбу шаҳарга албатта боришингиз керак, — деб ёзади у. — Шаҳар бир неча бор вайрон этилган, бироқ кул ичида қайта жон битган қақнус каби ҳамиша қайта тикланаверган. Эрамиздан олдинги 700 йилларда асос солинган Самарқанд бир неча бор турли салтанатларнинг пойтахти бўлган".

Заповедник Ичан Кала . Город Хивы - Sputnik Ўзбекистон
Мирзиёев Хива ва Хоразмга келадиган туристлар сонини 2 бараварга оширмоқчи

Дунёда "очиқ осмон остидаги музей" номи билан машҳур Хиванинг латофати ҳақида сўз юритиб, муаллиф ўз ўқувчиларини бу ерда ҳақиқий шарқона эртакнинг гувоҳи бўлишларига — ажойиб жинкўчалар, миноралар ва фавқулодда гўзал гумбазли обидалар сари етаклашига ишонтиради. А.Бускардинининг фикрича, Хивада бўлган шоир ва файласуфлар уни "дунёнинг саккизинчи мўъжизаси" деб аташган экан.

Мақолада шунингдек, Ўзбекистоннинг кўҳна гўшаларидан яна бири — Амударёнинг ўнг соҳилида жойлашган Термиз шаҳри ҳақида маълумот берилади. Шаҳарнинг бутун инсоният тарихи давомида мавжуд бўлгани ҳақида ҳозирги Термиз атрофида топилаётган турли маданиятлар қолдиқлари акс этган қадимий ашёлар гувоҳлик бериши таъкидланади.

Ўз хулосаларини якунлар экан, Ўзбекистонга боришга чорловнинг сўнгги — ўнинчи сабабини муаллиф мамлакатдаги қулай ва арзон турмуш кечириш имконияти деб атайди.

Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.

Янгиликлар лентаси
0