ТОШКЕНТ, 24 май — Sputnik. Тошкент шаҳар ИИББ Юнусобод тумани ҳудудида содир бўлган ўғирлик ҳақида хабар қилди.
22 май куни тахминан соат 2:00да, Озод Азиз ўғли Муродов ва Ҳасан Хамиджон ўғли Каримовлар Юнусобод тумани ҳудудида қурилаётган хусусий уйларга кириб, хонадонда ёлланма ишчи сифатида ишловчи фуқароларнинг уяли телефонлари ва қурилиш анжомларини ўғирлаб, воқеа жойидан яширинганлар.
Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари томонидан мазкур ҳудудда ўтказилган тунги тезкор-профилактик тадбирлари натижасида улар далилий ашёлар билан бирга қўлга олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Юнусобод тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 169-моддаси 2-қисми "в,г" бандлари ва 169-моддаси 3-қисми "а" банди билан (ўғирлик, яъни ўзганинг мол-мулкини яширин равишда бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб, уй-жойга такроран кириб, талон-торож қилиш) жиноят иши қўзғатилган.
Мурадов ва Каримовларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Тошкент шаҳар ИИББ юқоридаги шахсларнинг хатти-ҳаракатидан жабр кўрганлар бўлса, "102" телефон рақамига ёки яқин атрофдаги ички ишлар идораларига мурожаат этиши мумкинлигини маълум қилган.
Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.