ТОШКЕНТ, 23 май — Sputnik. Ўзбекистонда келгусида нон маҳсулотларни ишлаб чиқариш соҳасида бир қатор техник талаблар тадбиқ этилади. Ушбу талаблар аҳолини сифатли нон ва нон маҳсулотлари, макарон ва ёрма маҳсулотлари билан таъминлашга қаратилади, деб хабар берди Дон маҳсулотлари илмий-ишлаб чиқариш маркази директори, техника фанлари доктори Дилором Ғафурова.
Ғафурованинг сўзларига кўра, ҳозирги кунда тармоқда инвестицион лойиҳалари бўйича сезиларли ишлар амалга оширилмоқда. Сўнги етти йилда ишлаб чиқаришни замонавийлаштириш мақсадида 233 та сармоявий лойиҳа амалга оширилди.
"Асосий эътибор ишлаб чиқарилаётган маҳсулот сифатини яхшилашга қаратилмоқда. Масалан, "Ўздонмаҳсулот" компаниясида Стандартлаштириш бўйича техник қўмита фаолият кўрсатмоқда. Қўмита томонидан 2016 йилда жаҳон стандартлари асосида 30 та норматив ҳужжат ишлаб чиқарилган. 2017 йилда яна турли маҳсулотлар бўйича 17 та ҳужжат тайёрланади," — деди Дилором Ғафурова.
Техник регламентларни ишлаб чиқиш бўйича эксперт кенгаш фаолият кўрсатмоқда. Ҳозирги кунда кенгаш томонидан 3 та йирик ҳужжат тайёрланди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Дон хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламентни тасдиқлаш ҳақида"ги қарори қабул қилинган бўлиб, у 2016 йил октябр ойидан кучга киради. Ун, ёрма маҳсулотлари, нон ҳамда макарон маҳсулотларини ишлаб чиқариш хавфсизлиги бўйича махсус техник регламентлар бўйича иш олиб борилмоқда.
"Ушбу регламентлари халқаро стандартларга мувофиқлаштирилиб, нон маҳсулотларини ишлаб чиқариш сифатига ижобий таъсир қилади.
Шу билан бирга, тармоқда ҳалқаро сифат менежменти стандартларини татбиқ этиш бўйича самарали иш олиб борилмоқда. Хусусан 44 та фаолият кўрсатаётган корхоналардан 34 тасида ISO 9001 сифат менежменти тизими тўлиқ жорий этилган. 2019 йилгача барча корхоналарда тўлиқ ушбу стандартлар татбиқ этилади",- деб таъкидлади Дилором Ғафурова.
Ун ва нон маҳсулотлари сифатини яхшилаш, инсон учун фойдали қўшимча микроэлементлар билан бойитиш доимий эътиборда. Хусусан, аҳоли саломатлигини таъминлаш, болалар ва аёлларда темир моддаси танқислиги ҳамда анемиянинг олдини олиш мақсадида тизимдаги корхоналарнинг тегирмонларида ишлаб чиқарилаётган биринчи навли ун тўлиқ минерал-витамин аралашмалари билан бойитилмоқда.
Жумладан, 1 тоннага унга 120 гр витамин-минерал араламалар қўшилади. Аралашманинг таркибига турли микроэлементлар ва 4 хилдаги витаминлар қўшилади. Аралашмаларининг таркиби ниацин, рибофлавин, тиамин, фолий кислотаси ҳамда темир, рух микроэлементлардан таркиб топган. Бу буғдойни қайта ишлаш давомида йўқотилган витаминларни тўлдиришга ёрдам беради", — деб қўшимча қилди Дилором Гафурова.
Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.