ТОШКЕНТ, 16 дек — Sputnik. Ўзбекистон ўз тарихида илк бор нон маҳсулотлари таркибидаги туз миқдори меъёри стандартларини киритишни режалаштирмоқда, деб хабар берди соғлиқни сақлаш вазирлигидаги манба Sputnik Ўзбекистон мухбирига.
Бугунги кунда республикада энг кўп ўлим биринчи навбатда юрак-қон томир касалликлари оқибатида юз бермоқда. Олим ва экспертлар бунинг сабабларини қидиришда давом этишмоқда, хусусан ўзбекистонликлар истеъмол қилаётган туз миқдорини ўрганишмоқда.
"Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, тузни ўта кўп истеъмол қилиш республикада юрак-қон томир касалликлари ўсишига олиб келади, чунки кўп миқдордаги туз сабабли буйраклар функцияси бузилади, гипертония касаллиги, инсульт ва инфарктлар келиб чиқади. Мамлакатимизда ЖСТ белгилаган 5 грамм кунлик туз истеъмоли ўрнига уч баравар кўп миқдорда туз истеъмол қилинади. 18 ёшдан 64 ёшгача бўлган ўртача ўзбекистонлик бир кунда деярли 15 грамм туз истеъмол қилади", — деди манба.
2014 йилда соғлиқни сақлаш вазирлиги ўтказган сўровда 37% ўзбекистонликлар меъёридан ортиқча туз истеъмол қилишларини айтишган. Шундан сўнг 2015-2016 йилларда бу йўналишда кенг миқёсда тадқиқот ўтказиш ҳақида қарор қабул қилинганди.
Натижада мутахассислар Ўзбекистоннинг 46,5% аҳолиси ўта кўп (кунига 15 граммдан ортиқ), 53,2%и — ўртача (кунига 7,5-15 г) ва 0,3%и — оз (кунига 7,5 гдан кам) туз истеъмол қилиши маълум бўлди. Катта ёшдаги эркакларнинг тўртдан уч қисми кунига 15 граммдан ортиқ туз истеъмол қилади. Энг кўп туз Қорақалпоғистон ва Бухоро вилоятида истеъмол қилинади.
"Энг ёмони, туз бу — яширин таҳдид. Тузни нафақат овқатга қўшганимизда, балки тайёр маҳсулотлар, масалан нон еганимизда ҳам қабул қиламиз. Нонга қанча туз қўшиш борасида ҳеч қандай меъёр бўлмаган. масалан, ҳозирда нондаги қўрғошин миқдори қанча эканлигини аниқланади, лекин туз миқдори аниқланмайди", — деди суҳбатдош.
Вазиятни тартибга солиш учун соғлиқни сақлаш вазирлиги озиқ-овқат саноати маҳсулотлари хавфсизлигини аниқлаш тартибига киритиладиган ўзгартишларни ишлаб чиқди. Бундан асосий мақсад, 2025 йилга келиб туз истеъмоли миқдорини 30%га камайтиришдир. Энди бу жараёнга ишлаб чиқарувчилар ва истеъмолчиларни кенг жалб этиш қолди.