ТОШКЕНТ, 23 май — Sputnik. Бугун Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Ўзбекистонга ташриф буюрган Европа парламентининг Инсон ҳуқуқлари бўйича кичик қўмитаси делегациясини қабул қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Делегация таркибидан депутатлар Йозеф Вайденҳолзер (Австрия), Клаус Бухнер ва Йоахим Зеллер (Германия) ўрин олган.
Европа депутатлари ташрифи дастуридан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, вазирлик ва идоралар ҳамда фуқаролик жамияти вакиллари билан учрашув ва музокаралар ўрин олган.
ТИВда бўлиб ўтган суҳбат давомида Европарламентнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кичик қўмитаси кун тартибига кирувчи соҳаларда Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги икки томонлама муносабатларнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.
Депутатлар илтимосига биноан 2017-2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш доирасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар тўғрисида Европа томонига маълумот берилди.
Демократик ҳуқуқий давлат қуриш ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантиришга қаратилган изчил ҳаракатлар ислоҳотларнинг ажралмас қисми ҳисобланиши таъкидланди.
Учрашувда томонларни қизиқтирган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Суҳбатда Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси бошлиғи, элчи Эдуардс Стрипрайс иштирок этди.
Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.