ТОШКЕНТ, 20 май — Sputnik. Шимолий Кореянинг Uriminzokkiri тарғибот сайти гўёки АҚШ ва Жанубий Корея махсус хизматлари таъсирида мамлакат президенти Ким Чен Инга нисбатан суиқасд уюштиришга тайёрланган КХДР фуқароси ҳақидаги видеолавҳани жойлаштирди. Бу ҳақда РИА Новости хабар берди.
Май ойи бошида КХДР миллий хавфсизлик вазирлиги вакиллари АҚШ МРБси ва Жанубий Корея разведка хизмати қандайдир биокимёвий модда ёрдамида Ким Чен Инга суиқасд қилишни режалаштиргани ҳақида баёнот берганди. Бош гумондорлар қаторида Жанубий Корея миллий разведка агентлиги раҳбари Ли Бен Хо, агентликнинг бўлинма раҳбари Хан Ган Ом,Жанубий Корея разведкаси агенти Чо Ги Чхоль ҳамда Qingdao Nazca компанияси директори тилга олинганди.
23 дақиқадан ортиқроқ давом этадиган видеолавҳада Ким Сон Ир исмли киши кўрсатилади. Унинг сўзларига кўра, у "республикага қарши душманона тарғибот таъсирига тушиб қолган ва даҳшатли жиноятга аралашган".
Лавҳада гўёки Жануби Корея махсус хизмати томонидан берилган Samsung смартфони ва планшет кўрсатилади ҳамда "улардан Ким Сон Ирни мафкуравий қайта ишлашда фойдаланилганлиги" айтилади. Видеолавҳада телефондан унинг Жанубий Корея махсус хизмати вакиллари билан ёзишмалари топилганлиги билдирилади.
Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.