ТОШКЕНТ, 5 май — Sputnik. Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин Сариқ денгизда, Жанубий Корея билан бахсли денгиз чегарасига яқин жойда жойлашган, Чанжедо ва Мудо оролчаларидаги Корея Халқ Армияси артиллерия бўлинмаларини шахсан бориб текширди. Хабарга кўра, Ким Чен Ин ҳарбий хизматчиларни "биринчи буйруқ жаранглаши билан душман умуртқасини синдириш"га тайёр ҳолатда туришга чақирган.
"У (Ким Чен Ин) фронтнинг жануби-ғарбий линиясини ҳимоя қилаётган Корея Халқ Армияси олий артиллерия бўлинмалари юқори жанговор тайёргарликни сақлаб туришлари ва биринчи буйруқ билан душман умуртқасини синдиришга тайёр бўлишлари лозимлигини таъкидлаган", — дейилади хабарда.
Шимолий Кореянинг Чанжедо ва Мудо ороллари ҳамда Жанубий Кореянинг Йонпхёндо ороли Сариқ денгиздаги мунозарали денгиз чегарасига яқин жойда жойлашган.
КХДР томонидан қатор баллистик ракеталар синови ўтказилгач Корея яриморолидаги зиддият янада ўткир тус олди. АҚШ КХДРга қарши ҳарбий ҳаракатлар бўлиши мумкинлиги эҳтимолини айтиб ўтган, аммо ҳозирча Пхеньянга санкциялар ёрдамида иқтисодий босим ўтказиб, "жиловлаб туришга" эътибор қаратмоқда.
Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.