Корейсча огоҳлантириш: ядро синовлари жаҳон ҳамжамиятини ташвишлантирмоқда

© REUTERS / KCNA ATTENTION EDITORSКХДРда ракета учирилиши
КХДРда ракета учирилиши - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
КХДР ҳукумати ядро синовлари муваффақиятли ўтганини таъкидлади ва баллистик ракеталарни ядровий каллаклар билан жиҳозлашга қодирлигини билдирди.

ТОШКЕНТ, 9 сен — Sputnik. Шимолий Кореяда маҳаллий вақт билан 09.30да (Тошкент вақти билан 05.30да) 5,0 магнитудали ер силкиниши қайд этилди. Жанубий Корея президенти Пак Кин Хе ва Япония Бош котиби Ёсихиде Суга сейсмик ҳодисалар ҳақидаги ҳисоботдан сўнг Шимолий Корея навбатдаги ядро синовини ўтказгани ҳақида баёнот билан чиқдилар.

КХДР ҳукумати ядро синовлари муваффақиятли ўтганини таъкидлади ва баллистик ракеталарни ядровий каллаклар билан жиҳозлашга қодирлигини билдирди.

Ушбу ядровий синов бутун жаҳон ҳамжамиятини, биринчи навбатда КХДРнинг яқин қўшниларини қаттиқ ташвишга солди.

БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғилиши - Sputnik Ўзбекистон
БМТ 9 сентябр куни кечқурун Шимолий Корея бўйича фавқулодда йиғилиш ўтказади

Хитой Корея яриморолидаги барча томонларни иғвогарликлардан қочиш ва эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилишга чақирди.

“Биз барча томонларнинг хавфсизлик борасидаги хавотирлари фақатгина барча томонларни қаноатлантирувчи йўл билан ечилиши мумкинлигига ишонамиз. Барча томонларни эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилишга, бир-бирларига нисбатан иғвогарлик қилмасликка, Корея яриморолида ядросизланишни қўллаб-қувватлашга, тинчлик ва барқарорликни сақлашга чақирамиз”, деди ХХР ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Хуа Чуньин.

Япония, АҚШ ва Жанубий Корея ТИВ раҳбарлари ҳам КХДРнинг ядровий синовларини муҳокама қилишди.

Жанубий Корея ташқи ишлар вазири Юн Бен Се япониялик ҳамкасби Фумио Кисида билан 20 дақиқалик суҳбати чоғида КХДРга нисбатан “кескин чоралар” ҳақида келишиб олди. Ўз навбатида Жанубий Корея ва АҚШ ТИВ раҳбарлари Пхеньянга нисбатан жазо чораларини кучайтиришга келишишди.

Бундан ташқари, Жанубий Корея ва АҚШ октябрь ойида КХДРнинг ядровий синовларига жавобан қўшма ҳарбий машғулот ўтказишини эълон қилди.

"10-15 октябрь кунлари Сариқ денгизнинг жанубий қисми ва Чежу ороли ҳудудида авиаташувчилар иштирокида Америка-Жанубий Корея қўшма ҳарбий машғулотлари ўтказилади”, — деб хабар берди Ренхап агентлиги.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ҳам бу борада ўз фикрини билдирди.

"Биз КХДРнинг синовларидан жиддий хавотирдамиз. БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюциялари қатъий бажарилиши шарт”,-деди у.

Буюк Британия ташқи ишлар вазири Борис Жонсон эса Шимолий Кореянинг навбатдаги ядро синовларини иғвогарлик деб атади.

Сеул ҳарбийларига кўра, портловчи қурилма кучи 10 килотоннани ташкил қилган бўлиши мумкин. Бу эса январ ойида содир этилган 6 килотонналик синовдан деярли икки баробар кучлидир, дея таъкидлайди улар.

КХДРнинг ўзи эса ушбу синовлар АҚШнинг таҳдиди, санкция ва босимига нисбатан жавоблигини билдирди.

“Ядро зарядининг бугунги синови республикамизнинг ядровий давлат мақомига эгалигини инкор қилаётган ҳамда ўзимизнинг қонуний суверен ҳуқуқларимизни намойиш қилишимизни қоралаётган АҚШ ва душман кучларининг таҳдиди, санкция ва босимига нисбатан аниқ жавоб чораларидан биридир”, дейилади КХДР баёнотида.

Янгиликлар лентаси
0