ТОШКЕНТ, 20 май — Sputnik. Каспий денгизининг туркман соҳилидаги "Аваза" конгресс марказида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. Бу ҳақда Туркманистон давлат ахборот агентлиги хабар берди.
"Бирга бир" шаклида ҳамда кенгайтирилган таркибдаги делегациялар учрашувларида томонлар туркман-ўзбек ҳамкорлиги масалаларини кенг миқёсда муҳокама қилдилар.
Сиёсий соҳа, хусусан халқаро ташкилотлар доирасида ҳамда минтақа ва Осиё қитъасида тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашда ўзаро ҳамкорлик масалалари икки давлат раҳбарларининг диққат марказида бўлди. Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш масаласи музокараларнинг алоҳида мавзусига айланди.
Туркманистон ва Ўзбекистон раҳбарлари савдо-иқтисодий, энергетика, транспорт-коммуникация, экология ва бошқа соҳаларда икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилдилар.
Икки қардош давлат етакчилари маданий-гуманитар ва илмий соҳалардаги муносабатларга алоҳида эътибор қаратдилар. Томонлар ушбу соҳадаги тадбирларни фаоллаштириш — икки мамлакат маданият кунлари, ижодий, илмий ва бошқа анжуманлар ўтказишга келишиб олдилар.
Музокаралар давомида Туркманистон ва Ўзбекистон ўртасида спорт алоқаларини ривожлантириш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Ашхободда сентябрь ойида ёпиқ иншоотларда V осиё ўйинлари ва жанг санъати мусобақалари бўлиб ўтади. Шу муносабат билан Туркманистон президенти ушбу мусобақаларда ўзбек делегацияси кенг таркибда иштирок этишига умид билдирди.
Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.