ТОШКЕНТ, 20 май — Sputnik. "Аваза" миллий туристик зонасида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ўртасида музокаралар бошланди. Бу ҳақда Туркманистон давлат ахборот агентлиги хабар берди.
Учрашув ва саломлашув маросимидан сўнг давлатлар раҳбарлари "бирга бир" шаклида музокаралар ўтказишади.
Олий даражадаги туркман-ўзбек учрашуви кун тартибидан икки қўшни мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари ўрин олган.
Давлат раҳбарлари шунингдек, ўзаро манфаатли минтақавий вахалқаро сиёсат масалаларини ҳам муҳокама қилишади.
Туркманистон ва Ўзбекистон президентлари учрашуви якунларига кўра қатор икки томонлама ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг таклифига биноан 19 май куни амалий ташриф билан Туркманистонга жўнаб кетганди.
Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.