Ўзбекистон ИИВ: танишинг, қоидаларни писанд қилмайдиган "миллионер" ҳайдовчилар

© Sputnik / Евгений Биятов / Медиабанкка ўтишСветофор
Светофор - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Тошкент кўчаларида видеокузатув камералари ўрнатилганидан буён қоидабузарликка йўл қўйган ҳайдовчиларнинг айримлари катта миқдорда жарима тўлашга мажбур бўлишмоқда. Ўзбекистон ИИВ эса камералар "назарига" тушган энг ашаддий қоидабузарлар рейтингини эълон қилиб бормоқда

ТОШКЕНТ, 18 май — Sputnik. Май ойининг бошларида Тошкент телеканалининг "Пойтахт-Вазият" дастурида камералар ўрнатилганидан буён энг кўп қоидабузарлик содир этган ҳайдовчи 9 миллион 435 минг 825 сўм жаримага тортилгани хабар қилинган эди. Қоидабузар 32 марта светофорнинг тақиқловчи ишорасида ҳаракатланган.

Комплекс автофиксации нарушений ПДД - Sputnik Ўзбекистон
Тошкентда энг қоидабузар ҳайдовчи 9,4 млн сўм жаримага тортилди
Ўзбекистон ИИВ матбуот-хизмати энг ашаддий қоидабузар ҳайдовчиларнинг янги рейтингини эълон қилди.

Демак, йўл қоидаларига беписандлик билан қарайдиган ҳайдовчилар "рейтинг"да биринчи ўринни пойтахтнинг Чилонзор туманида жойлашган "Gold Air Travel" МЧЖга қарашли, давлат рақами 01 216 WDА бўлган "Малибу" ҳайдовчиси эгаллаган. Ҳайдовчи кўп эмас, оз эмас — жами 17 маротаба йўл ҳаракати қоидаларини бузган.

Ҳайдовчи 16 марта ҳаракатланиш тезлиги талабларига бўйсунмагани ва 1 маротаба светофорнинг тақиқловчи ишорасида ҳаракатлангани учун унга солинган жарима миқдори 8 миллион 87 минг 850 сўмни ташкил қилган.

Рейтингнинг иккинчи поғонасини Юнусобод туманидаги "Bilol Myagkaya krovlya" корхонасига тегишли, давлат рақами 01 305 YDА бўлган "Ласетти" эгаллади. Автомобил ҳайдовчиси қоидабузарликлари туфайли 13 марта кузатув камераларига тушган. Жумладан, манзилга жудаям ошиққан, шекилли, 11 марта тезликни белгиланган меъёрдан оширган, 2 мартасида светофорнинг тақиқловчи ишорасига бўйсунишни "хоҳламаган".

Ҳайдовчига солинган умумий жарима миқдори эса 2 миллион 845 минг 725 сўмни ташкил этган.

Тошкент шаҳар ҳокимлигининг маъмурий бинолардан фойдаланиш дирекциясига тегишли "Эпика" русумли автоулов ҳайдовчисига ҳам совринли ўрин "насиб" этган. Ҳайдовчи давлат рақами 01 206 TВА бўлган мазкур транспорт воситасини бошқараётиб, "бор-йўғи" 12 маротаба йўл ҳаракати қоидаларини бузган ва шубҳасиз видеокамералар "нигоҳи"дан четда қолмаган. Айтганча, "Эпика" ҳайдовчиси светофорнинг тақиқловчи ишорасини хуш кўрмайдиёв, акс ҳолда, чорраҳаларда 7 марта "қизил"да ўтмасди.

Движение транспорта в городе Ташкенте - Sputnik Ўзбекистон
Камерадан рақамини яширган ҳайдовчилар вақтинча машинасиз қолишлари мумкин
Эпика ҳайдовчиси қайд этилган қоидабузарликлар учун 2 миллион 845 минг 725 сўм миқдорида жарима тўлайди.

Олмазор туманидаги "Orange taxi" МЧЖга қарашли "Нексия" (давлат рақами 01 270 TТС) ҳайдовчиси "рейтинг"нинг тўртинчи ўрнини "эгаллади". У кузатув камералари ишга тушганидан буён 11 марта қоидабузарликлар содир этган.

Нексия соҳибига 2 миллион 96 минг 850 сўм жарима солинган.

Ва, ниҳоят, сўнгги бешинчи ўрин "соҳиби" билан танишинг.

Сергели туманида жойлашган МЧЖ "Global Building Machinery" корхонасининг "Малибу" (давлат рақами 01 077 VDА) автомашинаси ҳайдовчиси 9 марта кузатув камераларига томонидан "суратга олинган". Ҳайдовчи 8 марта белгиланган тезлик талабларига амал қилмаган. Бир ҳолатда эса светофорнинг қизил чироғини "кўрмай қолган". Унга 2 миллион 695 минг 950 сўмлик жарима солинган.

Йўл ҳаракати қоидаларига амал қилмайдиган, энг ёмони қоидаларни писанд қилмайдиган бундай ҳайдовчиларга нима дейиш мумкин? Йўл қўйган қоидабузарликларингиз учун жарима тўласангиз, сизни давлат кечириши мумкиндир, аммо аварияга сабаб бўлиб, кимнингдир умрига зомин бўлсангиз-чи? Балки, автомобилни эҳтиёткорлик билан бошқариш вақти келгандир?..

Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.

Янгиликлар лентаси
0