ТОШКЕНТ, 18 май — Sputnik. Дипломларни нострификациялашда қулайликлар яратилди, деб хабар қилди "Жаҳон" АА.
Қайд этилишича, Тошкентдаги миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Давлат тест маркази томонидан хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификациялаш ҳамда нодавлат таълим муассасалари фаолиятини лицензиялаш амалиёти, тажриба ва натижаларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилган.
"Бу Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017-йил 3-апрелдаги "Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) тартиби тўғрисида Низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги қарори асосида амалга оширилади, – деган Давлат тест маркази бўлим бошлиғи Н.Эшонқулов. – Низомга киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга мувофиқ, халқаро тан олинган ташкилотларнинг олий таълим муассасалари рейтинги асосида рўйхатга киритилган олий ўқув даргоҳларини тамомлаган юртдошларимиз махсус синовлар топширмайди".
Яъни улар ортиқча оворагарчиликларсиз мутахассислиги бўйича ишга бемалол жойлашиши мумкин.
Мазкур халқаро рейтинг бўйича рўйхатга киритилмаган олий таълим муассасаларини битирганларга бу имконият берилмайди. Бундан ташқари, низомда умумий ўрта ва ўрта махсус таълим тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш бўйича ҳам янги тартиблар белгиланган.
Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.