ТОШКЕНТ, 17 май — Sputnik. Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти И.Каримовнинг ташаббуси билан ташкил этилган "Ташаббус" кўрик-танлови Ўзбекистонда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришга оид дастурни амалга ошииш соҳасида асосий тадбир ҳисобланади.
16-17 май кунлари Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун тадбиркорлар, фермерлар ва ҳунармандлар ўртасида "Ташаббус-2017" кўрик-танловининг якуний республика босқичи бўлиб ўтди.
"Ташаббус-2017" кўрик-танловининг вилоят босқичлари жорий йилнинг 28 апрелидан 3 майигача Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ўтказилди. Уларда 576 нафар тадбиркорлик субъектлари, жумладан 193 (35,5%) тадбиркор, 159 (29,2%) фермер ва 192 (35,3) ҳунарманд иштирок этди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси матбуот хизмати. "Ташаббус-2017" кўрик-танловининг республика босқичига йўлланмаларни дастлабки босқичларнинг энг муносиб ва юқори баҳоланган омадли иштирокчилари қўлга киритди.
Танловнинг иккинчи босқичи ғолиблари, яъни республика босқичининг иштирокчилари сони 41 кишини ташкил этди: 14 тадбиркор, 14 ҳунарманд ва 13 фермер.
Республика босқичи номзодлари "Энг яхши тадбиркор", "Энг яхши фермер" ва "Энг яхши ҳунарманд" асосий йўналишлари бўйича баҳслашдилар.
Шунингдек "Йилнинг энг яхши ёш тадбиркори", "Энг яхши тадбиркор аёл", "Энг яхши инновацион лойиҳа", "Ёшларга энг кўп иш жойи яратган тадбиркор", "Энг яхши оилавий бизнес соҳиби", "Энг масъулиятли ижтимоий шерик", "Йилнинг энг яхши озиқ-овқат саноати тадбиркори", "Менинг юртим — менинг ифтихорим", "Энг яхши экспортчи", "Йилнинг энг яхши маҳсулоти" каби қўшимча номинациялар бўйича ҳам танлов ўтказилди.
"Ҳаракатлар стратегияси"да кўрсатилган вазифалардан келиб чиқиб, "Ўзининг савдо белгиларини йўналтириш ва янги бозорларни эгаллаганлик учун" ва "Республика ички бозорларида талаб бўлган янги турдаги истеъмол маҳсулотларини ишлаб чиққанлик учун" қўшимча номинациялари ҳам киритилди.
Ҳозирда иштирокчилар орасида хусусий номдор бренди остида экспортга йўналтирилган маҳсулотлар, фармацевтика, тўқимачилик буюмларини ишлаб чиқариш соҳаси тадбиркорлари, шунингдек, иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида муваффақиятли фаолият юритаётган тадбиркорлар мавжуд.
Анъанага мувофиқ, кўрик-танловнинг асосий ташкилотчилари сифатида қатор вазирликлар ва идораларнинг ҳамкорлиги ва моливий кўмагида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон Фермерлар уюшмаси, "Ҳунарманд" халқ усталари, ҳунармандлари, рассомлари уюшмаси иштирок этди.
Танловнинг вилоят босқичлари ғолиблари — республика босқичи иштирокчиларига "Ташаббус-2017" кўрик-танловининг Ташкилий қўмитаси номидан номзод дипломи, иштирокчи кўкрак нишони, махсус папка, Ўзбекистон президентининг "Танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик — ҳар бир раҳбар фаолиятининг кундалик қоидаси бўлиши керак " номли китоби, шунингдек бошқа совғалар топширилди.
22 май куни соат 18.00да "Туркистон" санъат саройида ўзбек эстрадаси юлдузлари иштирокида "Ташаббус-2017" ғолиб ва совриндорларини аниқлаш ва тақдирлаш маросими бўлиб ўтади.
Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.