ТОШКЕНТ, 17 май — Sputnik, Дилшода Раҳматова. Музқаймоқдан заҳарланиш ҳолати юзасидан шу вақтга қадар 186 та қўнғироқ қайд этилган. Айни вақтда 114 кишининг аҳволи яхшилангани учун уларга жавоб берилди, деди Спутник мухбирига туман ҳокимлиги матбуот-хизмати вакили.
Эслатиб ўтамиз, куни кеча Андижон вилоятининг Шаҳрихон туманида музқаймоқдан оммавий заҳарланиш ҳолати юз бергани ҳақида хабарлар тарқала бошлади.
Маълум бўлишича, музқаймоқдан заҳарланиш ҳолати 15 май куни бошланган.
Музқаймоқдан заҳарланганлар туман марказий шифохонасига кўнгил айниши, қайт қилиш, тана ҳарорати кўтарилиши сингари симптомлар билан мурожаат қила бошлаганлар.
Шаҳрихон тумани ҳокимлиги матбуот-хизмати хабарига кўра, айни кунда тумандаги барча музқаймоқ сотиладиган кафелар ёпилган.
"Бизга 15 май куни кундузи соат 14.00да қўнғироқ бўлган бўлса, 14.30гача бўлган 9та қўнғироқнинг ҳаммаси музқаймоқдан заҳарланиш ҳолати бўйича бўлди. Ана шу заҳоти музқаймоқ сотиладиган жойлар бориб, ўрганилиб, пломбалаб қўйилган", — деди ҳокимлик вакили. Ҳамда тумандаги барча музқаймоқ кафелари қаттиқ назоратга олинганини қўшимча қилди.
Шаҳрихон ҳокимлиги айрим матбуотларда тарқатилган "заҳарланиш оқибатида бир неча киши вафот этган" деган маълумотни кескин рад этди.
"Бу ёлғон маълумот", — деди ҳокимлик вакили.
Ҳокимлик маълумотига кўра, биринчи қўнғироқ бўлган кундан бошлаб вилоят санитария бўлими бошлиғи, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, вилоят ҳокимининг ўринбосари, туман ҳокими, прокурор, солиқ бошқармаси бошлиғи тумандаги марказий шифохонада штаб ташкил қилишган ва ушбу ҳолат юзасидан доимий назорат олиб боришган.
"Вазият тўлиқ назоратда, текширув ишлари олиб бориляпти. Ваҳимага ўрин йўқ", — деб суҳбатга якун ясади суҳбатдош.
Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.