ТОШКЕНТ, 16 май — Sputnik. Жорий йилнинг 14 май куни соат 11:00да Шайхонтохур туманида яшовчи бир фуқаро қўнғироқ қилиб, Тошкентдаги "Самарқанд Дарвоза" савдо мажмуасига бомба қўйилгани ҳақида хабар қилган. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ расмий сайтида хабар қилинган.
Ушбу хабардан сўнг Ўзбекистон Республикаси ИИВ, Тошкент шаҳар ИИББ ва туман масъул ходимлари, тергов-тезкор гуруҳлари ҳамда бошқа хизматлар "Самарқанд Дарвоза" савдо мажмуаси томон йўл олишган.
"Самарқанд Дарвоза" савдо мажмуасидаги фуқаролар зудлик билан хавфсиз жойга олиб чиқилиб, бино кўздан кечирилган.
Савдо мажмуасида ҳеч қандай портловчи модда ва бошқа шубҳали нарсалар аниқланмаган.
Ўтказилган тезкор суриштирув давомида, фуқаро Н.И.Нурбекова ички ишлар ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларини чалғитиб, ёлғон ҳабар берганлиги аниқланган.
Ушбу ҳолат юзасидан туман ИИБ томонидан Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 277-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.