ТОШКЕНТ, 16 май — Sputnik. Атоқли ўзбек ижодкорлари Ҳамид Олимжон ва Зулфиянинг қизи, филолог Ҳулкар Ҳамидовна Олимжонова оламдан ўтди.
Айни вақтда интернет фойдаланувчилари Ҳулкар Олимжонова ҳақида илиқ фикрларни билдиришмоқда.
"Университетимизда биргина Ҳулкар Ҳамидовна Олимжонова махсус курсни олиб борардилар. У киши туфайли Ҳамид Олимжон ва Зулфия шеъриятига ошуфта бўлдим. Зулфиянинг "Сенсиз" деб номланган шеъридаги "…Тобутинг бошида чўкканимда тиз, фарзандлар кўтарди қўлимдан тутиб" деган сатрлар айниқса менинг қалбимни ларзага солган", — деб ёзади фойдаланувчилардан бири.
"Ҳулкар Ҳамидовна филфакда дарс берардилар, шоира Зулфияхонимнинг қизларини кўриш бахт эди. У киши ниҳоятда ширинсўз, меҳрли ва буюк қалб соҳибаси эдилар.
Икки йил олдин қариндошлар у кишининг оғир хасталикка чалингани ҳақида айтиб қолди. Ўзбекистоннинг икки атоқли ижодкори фарзанди бўлган Ҳулкар Олимжонованинг жойлари жаннатда бўлсин. Руҳлари шод бўлсин", — дея эсга олган яна бир фойдаланувчи.