ТОШКЕНТ, 16 май — Sputnik. 16 май куни "Ўзбекистон маданий мероси – халқлар ва давлатлар ўртасидаги мулоқотга йўл" мавзусида халқаро илмий-маданий конгресс меҳмонлари Самарқанд шаҳрига ташриф буюрди. Меҳмонлар Самарқанд халқаро аэропортида тантанали тарзда кутиб олинди, деб хабар қилди Самарқанд ҳокимлиги матбуот-хизмати.
Уларнинг кўҳна ва ҳамиша навқирон шаҳардаги дастлабки манзили Регистон майдони бўлди. Бу ерда ташкил этилган "Шарқона гилам бозори — мустақил Ўзбекистон гиламчилигининг энг яхши намуналари" кўргазмаси ҳамда ушбу лойиҳа доирасидаги китоблар тақдимотида иштирок этишди.
Анжуман иштирокчилари Ўзбекистон ўзининг қадимий тарихи, ўзига хос урф-одат ва анъаналари, қадриятлари, кўплаб тарихий-меъморлик ва маданий ёдгорликлари билан бутун дунёга донг таратганини алоҳида қайд этди.
Халқаро экспертларнинг фикрича, "Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида" лойиҳаси қамрови бўйича дунёда ўхшаши йўқ лойиҳа ҳисобланади. Китоб-альбомларни нашрга тайёрлаш жараёнида Ўзбекистондан олиб чиқиб кетилган энг яхши артефактларни тўплаш ва умумлаштириш бўйича тадқиқот ишлари олиб борилган. Улар орасида археология, кулолчилик, металл буюмлар, нумизматика, тўқимачилик, заргарлик санъати ва тасвирий санъат буюмлари бор.
Ўзбекистонда илм-фан, санъат ва маданият жуда қадимларданоқ шаклланган. Аждодларимиз бундан уч минг йиллар илгари ҳозирги замонавий илм-фаннинг илк пойдеворини қўйганлар ва ривожлантирганлар. Ўрта асрларда Ғарбда "Нур Шарқдан таралади" – деган иборанинг пайдо бўлиши ҳам бежиз эмас. Шу маънода, меҳмонларга, айниқса, Амир Темур ва темурийлар даврида ҳунармандчилик кенг ривожлангани ҳақида маълумотлар берилгани уларда катта қизиқиш уйғотди.
1370 йили Соҳибқирон Амир Темур Мовароуннаҳр ҳукмдори бўлгач, бу ўлкада илм-фан яна тараққий этган. Ер юзининг тўрт томонидан илм ахтарган одамлар Самарқандга кела бошлаганлар. Амир Темурдан кейин унинг ишларини набираси Мирзо Улуғбек давом эттирди. Мирзо Улуғбек Самарқандда расадхона ва мадрасалар барпо қилди ҳамда "Самарқанд Академиясини яратди.
– Халқаро илмий анжуманда қатнашиб Ўзбекистон заминида қанчадан қанча улуғ алломалар ва мутафаккирлар яшаб ижод қилгани, бутун инсониятга фойдаси теккани ҳақида жуда қизиқарли маълумотларга эга бўлдим, — дейди Париж шаҳридаги Шарқ тиллари университети профессори Китрин Пужол. — Бундай ноёб мерос билан ҳар қанча фахрланса арзийди. Менга шаҳарнинг барча ёдгорликлари маъқул тушди. Бу қадимги шаҳарга ташриф буюрганимдан хурсандман. Шаҳарнинг эски қисми ўзининг шинам уйлари билан менда катта таассурот қолдирди. Улуғбек мадрасасида бўлиб, кўплаб ҳунармандлар билан суҳбатлашдим.
Хорижлик меҳмонлар қадимий анъаналар асосида Самарқанд қоғози ишлаб чиқариш корхонасида ҳам бўлишди. Соҳибқирон Амир темурнинг етти боғи услубида тикланган "Боғишамол" боғи билан танишув ҳамда Реистон майдонида "Ўзбекистон маданий мероси — умумбашарият хазинаси" номли мусиқий томошаси ҳам ёрқин лаҳзаларга бой бўлди.