TOШКЕНТ, 15 май — Sputnik. Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Шавкат Солиҳов Хитой Фанлар академиясининг "Халқаро илмий ҳамкорлик учун" мукофоти билан тақдирланди, деб хабар қилди "Халқ сўзи" нашри.
"Хитой Фанлар академияси билан самарали ҳамкорлик ва иқтидорли илмий ходимларни тайёрлаш йўлида қилган хизматларимни ҳамкорларимиз юксак баҳолаганидан беҳад мамнунман. Ҳали қилинажак ишларимиз кўп. Йирик тадқиқот лойиҳаларини ташкил этиш ва амалга оширишни мақсад қилганмиз", деб айтган олим мукофотни қабул қилар экан.
Академик Шавкат Солиҳов Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, оқсил кимёси, токсинлар кимёси ва биотехнология соҳасида таниқли олим.
Унинг илмий фаолияти табиатдан олинган биологик актив токсинлар, ферментлар ҳамда бошқа моддаларнинг тузилиши ва функцияларини ўрганишга қаратилган бўлиб, фанда биринчи марта Ўрта Осиё ҳайвонлари заҳарларидан токсик хоссаларга эга бўлган 50 дан ортиқ физиологик фаол оқсил ҳамда пептидлар ажратиб олинган. Шулардан 15 модданинг кимёвий структураси аниқланган.
Шавкат Солиҳов Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси президенти лавозимида ишлаган кезлари, айниқса, илм-фаннинг таълим ва ишлаб чиқариш билан интеграциялашувига катта ҳисса қўшган.
Академик Германия, Жанубий Корея, Россия, —Хитой Халқ Республикаси сингари давлатлар илмий муассасалари билан халқаро илмий-техник дастурлар доирасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш ишларида ҳам жонбозлик кўрсатмоқда.
Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.