TOШКЕНТ, 15 май — Sputnik. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Хитой ишбилармон доиралари вакиллари билан учрашди, деб хабар берди "Жаҳон" АА.
Учрашувда ўзаро муносабатларнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари, Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги узоқ муддатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва изчил ривожлантиришнинг устувор йўналишлари ҳақида сўз борди.
"Бу ерда Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилиб келаётган ишбилармонларни кўраётганимдан хурсандман. Биз хитойлик тадбиркорлар билан бирга ишлашдан мамнунмиз", — деди Ўзбекистон раҳбари.
Мирзиёев шунингдек, Хитой бизнес субъектлари Ўзбекистондаги кўплаб янги саноат корхоналарида ишлаб чиқаришни йўлга қўйганини қайд этган.
Хитой Ўзбекистон иқтисодиётига энг кўп инвестиция киритаётган давлатлардан биридир. Ўзбекистонда Хитой капитали иштирокидаги 700 дан зиёд компания ва корхона фаолият кўрсатмоқда. Ўтган йиллар давомида хитойлик сармоядорлар Ўзбекистон иқтисодиётига қарийб 8 миллиард доллар миқдорида инвестиция киритгани барчамизни хурсанд қилади, деб қайд этган Ўзбекистон раҳбари.
Учрашувда савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий, техникавий, энергетика соҳаларидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, ўзаро савдо айланмаси ҳажмини оширишга оид масалалар хусусида сўз юритилди.
Мирзиёев бугунги кунда Ўзбекистонда самарали фаолият юритаётган хитойлик ишбилармонларга миннатдорлик билдирди, алоқаларни янада ривожлантириш тарафдори эканлигини қайд этди.
Учрашувда Ўзбекистон – Хитой ҳукуматлараро ҳамкорлик қўмитаси ҳамраиси Мен Сзен Чжу, "CОФCО" корпорацияси директорлар кенгаши раиси Чжао Шуанлян, Хитой давлат тараққиёт банки вице-президенти Чжан Сюгуан, Хитой Эксимбанки вице-президенти Сун Пин, "Поли интернешнл" компанияси бош директори ёрдамчиси Мяо Цзечун ва бошқалар Ўзбекистон билан ҳамкорлик юқори натижалар бераётгани, бундан кейин ҳам ўзаро алоқаларни давом эттиришдан манфаатдор эканини таъкидлади.
Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.