TOШКЕНТ, 13 май — Sputnik. Самарқанд вилоятида Ўзбекистон президенти девонининг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати масъул ходимлари иштирокида ўтказилган сайёр қабулларда фуқароларнинг кўплаб мурожаатлари ҳал этилди. Бу ҳақда Самарқанд вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
Сайёр қабулларда юридик ва жисмоний шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига мурожаатлари кўриб чиқилди, уларнинг натижалари таҳлил этилди.
Турли вазирлик ва давлат қўмиталари, ҳуқуқ тартибот органлари, маҳаллий ҳокимликлар масъул ходимлари иштирокида ўтказилган қабуллар чоғида ҳар бир мурожаат юзасидан мутасаддилар жавоблари эшитилиб, муаммоларга шу ернинг ўзида ечим топилди.
Каттақўрғон шаҳридаги сайёр қабулда Пахтачи, Нарпай, Каттақўрғон туманлари ҳамда Каттақўрғон шаҳри аҳолиси томонидан йўлланган 150 га яқин мурожаат атрофлича кўриб чиқилиб, аксарияти ижобий ҳал этилди.
Пахтачи тумани Зиёвуддин қўрғони аҳолисининг ҳудудда ер ости сувлари кўтарилиши оқибатида бино ва иншоотларга зарар етаётгани ҳақидаги мурожаати мутасадди ташкилотлар томонидан ўрганилган ҳолда муаммо бартараф этиладиган бўлди.
Нарпайлик Ф.Ҳакимова ва И.Зиётовнинг нафақа пулларини вақтида ололмаётгани тўғрисидаги шикоятига шу ернинг ўзида ечим топилди. Қўшимча ўрганиш талаб қиладиган масалалар юзасидан фуқароларга тушунтириш берилди.
Самарқанд шаҳридаги сайёр қабулда Самарқанд, Жомбой ва Булунғур туманлари аҳолиси томонидан йўлланган 100 дан ортиқ мурожаат натижалари масъул идоралар вакиллари иштирокида таҳлил этилди.
Булунғур туманидаги "Баркамол авлод" болалар маркази тўгарак раҳбари М.Эргашеванинг шу пайтгача ҳал этилмаган муаммосига ҳам мазкур қабул чоғида ечим топилди.
М.Эргашеванинг айтишича, марказда ёш табиатшунослар тўгараги бўлиб, муассаса яқинидаги фойдаланилмай турган ер майдонини марказ ихтиёрига бериш ва бу ерда иссиқхона, кичик боғ ташкил этиб амалий машғулотларни шу ерда олиб бориш таклифини билдириб туман ҳокимлиги ва бошқа идораларга мурожаат қилинган. Лекин рад жавоб олинган. Бугунги сайёр қабулдан сўнг мурожаат ижобий ҳал этиладиган бўлди.
Жомбой туманидан Б.Омоновнинг фермер хўжалигидан иш ҳақини ундириш, Г.Тўхтаеванинг ногирон ўғлини даволатиш, С.Мирзаева, М.Хўжамуродованинг ишга жойлашиш бўйича мурожаатлари ҳам ижобий ҳал этилди.
Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.