ТОШКЕНТ, 11 май – Спутник. Айни дамда Тошкентда ШҲТ форумининг ХИИ мажлиси бошланди, деб хабар қилмоқда “Жаҳон” ахборот агентлиги.
2015-2016-йилларда Ўзбекистоннинг ташкилотга раислиги даврида ШҲТ фаолиятининг самарадорлиги ва халқаро нуфузини ошириш борасида кенг кўламли ишлар бажарилгани таъкидланди.
Хусусан, Ўзбекистон раислик даврида муҳим ҳужжат – ШҲТнинг 15-йиллик фаолияти якунлари ва истиқболда уни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари акс эттирилган “Тошкент декларацияси” қабул қилинди.
Иккинчидан, минтақанинг икки йирик давлати — Ҳиндистон ва Покистонни қўшиб олиш борасида муҳим қадамлар қўйилди. Хусусан, ушбу икки мамлакат ШҲТга аъзо бўлиши учун бажарилиши керак бўлган мажбуриятлар меморандуми имзоланди.
Шунингдек, ШҲТ давлатлари орасида савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, инвестиция, туризм ва илмий-техникавий соҳаларда ҳамкорликни ривожлантиришга катта эътибор қаратилди.
Умуман олганда, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ўтган йиллардаги фаолияти давомида нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотлар қаторидан муносиб ўрин эгаллади. Бугунги давлатлараро муносабатлар тизимида хавфсизлик, барқарорлик ва тараққиётни таъминлашнинг самарали механизмга айланди.
Ташкилот жаҳон ҳамжамияти эътиборини бутун дунёга жиддий хавф солаётган терроризм, экстремизм ва наркотрафикка қарши курашиш масалаларига қаратмоқда.
Тошкентда бўлиб ўтаётган Форум мажлисида ШҲТга аъзо давлатлар – Ўзбекистон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Россия, Тожикистон, кузатувчи мақомига эга бўлган давлатлар – Ҳиндистон, Покистон, Эрон, Афғонистон ва Беларуснинг етакчи тадқиқот марказлари экспертлари, ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси ва Котибияти ҳамда Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус вакиллари иштирок этмоқда.