ТОШКЕНТ, 11 май — Sputnik. Тожикистон ИИВ ходимлари собиқ ОМОН командири Гулмурод Ҳалимовнинг ўғлини ҳибсга олди, деб хабар бермоқда Sputnik Тожикистон.
18 ёшли Беҳруз Ҳалимов Душанбе-Москва самолётидан махсус милиция отряди (ОМОН) ходимлари томонидан олиб тушиб кетилган.
Беҳруз Ҳалимов ўтган йили мактабни битиргани ва Варзоб туманидаги Дараи Фон қишлоғида майда савдогарлик билан шуғуллангани айтилмоқда.
Айрим маълумотларга қараганда, у "Ислом давлати" террорчилик ташкилоти сафида жанг қилган отаси билан алоқада бўлиб турган.
Манбанинг маълум қилишича, Беҳруз Ҳалимов Москва орқали Ироқ ёки Сурияга кетишни мўлжаллаган. Тожикистон махсус хизматлари ушбу маълумотни текширмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 15 апрель куни The Times нашри Ироқнинг Мосул шаҳрида "Ислом давлати" террорчилик ташкилотига қўшилиб кетган Тожикистон ИИВ ОМОН командири Гулмурод Ҳалимов ўлдирилгани ҳақида хабар қилганди.
Аммо унинг ҳалок бўлгани расман тасдиқланмаган ва Ҳалимов ҳозирда ҳам Интерпол томонидан қидирувда бўлган шахслар рўйхатида турибди.
Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.