ТОШКЕНТ, 10 май — Sputnik. Бугун Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида БМТинсон ҳуқуқлари комиссари Зейд Раад ал-Ҳусайн ҳамда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камиловлар орасида учрашув бўлиб ўтди.
Бўлиб ўтган суҳбат чоғида Ўзбекистон билан БМТ ва унинг институтлари, жумладан БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари бошқармаси ўртасидаги муносабатларнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди ва ҳамкорликни янада ривожлантириш борасида томонларда ўзаро қизиқиш мавжудлиги қайд этилди.
Бугунги кунда Ўзбекистон 70 дан ортиқ халқаро ҳужжатларга қўшилган ва БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича 10 та асосий конвенсиясини ратификация қилган. Республика ушбу жабҳадаги ўз мажбуриятларининг бажарилишини доимий равишда назорат қилиб келмоқда.
Музокараларда БМТнинг Ўзбекистондаги резидент-координатори, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Стефан Приснер, ҳамда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари бошқармасининг Марказий Осиё бўйича Минтақавий вакили Ришард Комендалар иштирок этди.