ТОШКЕНТ, 10 мая — Sputnik. Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги, телекоммуникациялар соҳасида лицензиялаш жараёнини осонлаштиришга қаратилган бир неча чоралар ишлаб чиқмоқда, деб хабар қилмоқда Sputnik мухбири.
Ушбу ҳақидаги қарор лойиҳаси regulation.gov.uz — норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни муҳокама қилиш порталида жойлаштирилган.
Янги қонуннинг асосий мақсади — телекоммуникациялар соҳасида фаолият юритаётган Республика тадбиркорлари учун қулай шароитлар яратиб беришдир. Янги қонунни ишлаб чиқишда вазирлик соҳа тадбиркорлари билан мулоқот қилиб улар дуч келаётган муаммоларни ўрганиб чиққан.
"Янги қонунда, телекоммуникациялар соҳасида фаолият юритиш учун лицензия олишга керак бўладиган ҳужжатлар рўйхатидан ўт ўчириш, санитария хизматлари, олий таълим ҳақидаги диплом нухаси ва меҳнат дафтарчаси каби ҳужжатлар чиқариб ташланган", — дейишди муассаса вакили.
Ундан ташқари, 2017 йилнинг 1 июлидан бошлаб, интернет провайдерлари фаолиятини лицензиялаш фақат "ягона ойна" хизмати орқали, 2018 йилдан бошлаб эса фақат электрон кўринишда амалга оширила бошланади.