ТОШКЕНТ, 9 май — Sputnik. Тошкент шаҳридаги "Халқлар дўстлиги" боғида Шомаҳмудовлар оиласига қўйилган ҳайкалнинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Ҳайкал илгарироқ шаҳар чеккасига кўчирилган, аммо Ўзбекистон президенти қарори билан шаҳар марказига қайтарилган эди.
Айтиш жоизки, Шомаҳмудовлар оиласи инсонпарварликнинг юксак намунасини кўрсатган оила сифатида тарихда қолди. Шоаҳмад ота ва Баҳри ая турли миллат вакиллари бўлган 13 ўғил-қизни ва урушдан сўнг яна 3 болани ўз тарбияларига олишган. Булар Ҳабиба, Вова, Шуҳрат — рус, Ҳамидулла — украин, Рафиқ, Раҳматулла — татар, Холида — молдаван, Самуғ — чуваш, Йўлдош, Эргаш — яҳудий, Ҳалима — қозоқ, Қоравой, Неъмат, Муаззам, Ҳакима, Улуғбек — ўзбек.
Шомаҳсудовлар оиласи ҳайкаллари аввал бошдан ҳайкалтарош Д.И.Рябичев томонидан ўйланган композицияда ўрнатилди.
Ҳайкалга тўрт томондан — тротуар йўлаклари ёки зиналар орқали бориш мумкин бўлади. Монумент кечки вақтларда тўрт томондан ҳам ёритиб турилади. Шунингдек, гуллар қўйишга мўлжалланган асос ҳам ўрнатилди. Ён атрофдаги ҳудуд кўкаламзорлаштирилди.
"Бу яхшилик аломати, халқлар дўстлиги яна эъзозда. Атрофга назар ташланг, бугун биз 9-май байрамини яна салютлар билан нишонлаяпмиз, георгий ленталарини тақяпмиз, одамлар гимнастеркаларда юришибди, ва бу нарсаларнинг ҳаммаси очиқчасига, ҳукумат томонидан бўлаётган қўллаб-қувватлашлар ёрдамида амалга ошириляпти. Биз ўз тарихимиздан қўрқишни бас қилганимизни жуда яхши иш деб биламан, эндиликда биз олдинга мардонавор нигоҳ ташлаб, ўз аждодларимиз билан фахрланишимиз мумкин ва бу жуда яхши иш", — деб ўз фикрларини билдирди Sputnik мухбирига Тошкент шаҳрида яшовчи Тамара Ольшова.
Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.