Янги фармон: тадбиркорларни шахсан президентнинг вакили ҳимоя қилади

© PixabayПодпись документов
Подпись документов - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Вакил тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя қилиш бўйича қонунчиликнинг сўзсиз ижро этилишини ўрганиш, улар фаолиятида текширишлар амалга оширилиши қонунийлиги мониторингини олиб бориш, тадбиркорлар фаолиятига ноқонуний аралашувларнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар қабул қилиш юзасидан таклифлар киритиш ҳуқуқига эга

ТОШКЕНТ, 6 май — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев "Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили институтини таъсис этиш тўғрисида"ги фармонга имзо чекди. Фармон матни Ўзбекистон Республикаси ҳукумат порталида келтирилган.

Президент Узбекистана Шавкат Мирзиёев - Sputnik Ўзбекистон
Мирзиёев тадбиркорларга имконият ва шароит яратиб бериш кераклигини таъкидлади

Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил таъсис этилмоқда. Ушбу институт келгусида тадбиркорлик субъектлари ва давлат органлари ўртасидаги самарали мулоқотнинг янги механизмларини жорий қилишга, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган давлат ҳимоясининг қўшимча кафолатларини яратишга хизмат қилади.
Ҳужжатга кўра, вакил мазкур соҳада давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга оширишда иштирок этиш, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши юзасидан назоратни амалга ошириш, тадбиркорлик субъектларининг фаолияти текширилаётганда уларни ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш бўйича вазифаларни бажаради.

Шунингдек, соҳадаги қонун ҳужжатлари нормалари ва талабларининг амалда рўёбга чиқарилаётганлигини ўрганиш, уларнинг тадбиркорлик фаолияти амалга оширилишига таъсирини баҳолаш, тадбиркорликнинг ҳуқуқий кафолатларини мустаҳкамлашга, уларнинг ривожланишини рағбатлантиришга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлаш вакил фаолиятининг асосий йўналишлари ҳисобланади.

Келишув - Sputnik Ўзбекистон
Кичик тадбиркорларга банкдан кредит олиш осонлашди

Вакил фармонда белгиланган ўз ваколатларини мустақил ҳамда давлат органлари, уларнинг мансабдор шахсларига тобе бўлмаган тарзда амалга оширади. Вакил Ўзбекистон президенти томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади ҳамда ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси президентига ҳисобдор ҳисобланади.

Бу қоида вакилнинг ўз фаолиятини фақатгина Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига бўйсунган ҳолда амалга оширишида, тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг ҳар қандай шаклда бузилишига нисбатан адолат, қонун устуворлиги ҳамда тадбиркорлар ҳуқуқларининг устуворлиги нуқтаи назаридан холисона баҳо беришида, қонун бузилишларга ўз вақтида барҳам бериш учун қатъий чораларни кўришида, қонун бузилишларга йўл қўйган барча мансабдор шахслар учун жазонинг муқаррарлиги принципини таъминлашида муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилади.

Вакилга ўз вазифаларини бажариши учун қатор ҳуқуқ ва ваколатлар берилмоқда. Жумладан, у тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя қилиш бўйича қонунчиликнинг сўзсиз ижро этилишини ўрганиш, тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширишлар амалга оширилиши қонунийлигининг мониторингини олиб бориш, тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ноқонуний аралашув ҳолатларининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар қабул қилиш юзасидан таклифлар киритиш, давлат органлари ва ташкилотларидан ўз ваколатига кирувчи масалалар бўйича статистик, таҳлилий материаллар, хулосалар ва бошқа маълумотларни сўраш ва олиш ҳуқуқига эга.

Шу билан бирга, вакил давлат органлари ва бошқа муассасалар мансабдор шахсларини ёзма равишда огоҳлантириши, уларга аниқланган қонун бузилиш ҳолатларини, уларни келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида тақдимнома киритиши мумкинлиги кўзда тутилган.

Подпись документов - Sputnik Ўзбекистон
Президент Қорақалпоғистон ва Хоразм тадбиркорларига янги имтиёзлар тақдим этди

Вакил тадбиркорлик субъектлари манфаатларини кўзлаб судларга давлат божи тўламасдан аризалар ва даъволар билан мурожаат қилиши, давлат органларининг тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш масалаларини кўриб чиқиш билан боғлиқ йиғилишларида иштирок этиши мумкин.

Ушбу ҳуқуқ ва ваколатларнинг амалда рўёбга чиқарилиши соҳадаги қонунчилик талабларини тадбиркорлик субъектлари фикрлари, таклиф ва эҳтиёжларидан, мавжуд муаммолар, ҳуқуқни қўллаш амалиётининг ҳар томонлама таҳлилидан келиб чиққан ҳолда, доимий равишда такомиллаштириб боришга ҳамда қонун ҳужжатлари ижроси самарадорлигини ошириш учун барча зарур чора-тадбирларни кўришга замин яратади.

Энг муҳими, тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ноқонуний аралашувларнинг, шу жумладан, ҳар хил асоссиз текширувлар ўтказиш йўли билан аралашувларнинг зудлик билан барҳам берилишига, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари бузилишининг ҳар қандай шаклининг олдини олиш учун самарали чоралар кўрилишига, тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқларини тиклаш, шу жумладан, суд орқали тиклаш механизмларидан унумли фойдаланиш имкониятини янада кенгайтиришга хизмат қилади.

Ушбу ҳужжатда, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг "Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил тўғрисида"ги Қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланган.

Фармонда назарда тутилган чора-тадбирларнинг ҳаётга татбиқ этилиши тадбиркорлик субъектлари манфаатлари устуворлигини амалда таъминлаш, давлат органлари ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида самарали мулоқотни мустаҳкамлаш, тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини рағбатлантириш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бирор-бир шаклда бузиш ҳолатларига барҳам бериш имкониятини яратади.

Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.

Янгиликлар лентаси
0