ТОШКЕНТ, 6 май — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев бугун пойтахтнинг Ойбек кўчасидаги кўп қаватли уйларда ишга туширилган замонавий, энергиятежамкор локал қозонхоналарни бориб кўрди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ҳукумат портали хабар бермоқда.
Шу йил 20 апрелда давлат раҳбарининг "2018-2022 йилларда иссиқлик таъминоти тизимини ривожлантириш дастури тўғрисида"ги қарори эълон қилинганди.
Ушбу қарорга мувофиқ Тошкент шаҳрида иссиқлик таъминоти тизимини янгилаш ва модернизация қилиш, энергия самарадорлиги юқори бўлган маҳаллий қозонхоналар қуриш, хонадонларга якка тартибда ички иссиқлик тармоғини ўрнатиш, кўп қаватли уй-жой фонди ва ижтимоий соҳа объектларининг локал иссиқлик таъминоти тизимини ривожлантириш бўйича кенг кўламли вазифалар белгиланган.
Юқоридаги қарорга асосан пойтахт туманларида замонавий қозонхоналар қуриш, қуёш энергияси билан сувни иситадиган гелиоқурилмалар негизида уй-жойлар ва ижтимоий объектларни иссиқлик билан таъминлаш тизимини барпо этиш бўйича дастур ишлаб чиқилмоқда.
Унга кўра жорий йилда Тошкент шаҳрида жами 211, жумладан, кўп қаватли уйлар том қисмида 134, мавзелар ҳудудида 77 маҳаллий қозонхона қурилади. Ушбу мақсадлар учун сарфланадиган 170 миллиард сўм маблағ тижорат банклари кредитлари ҳисобидан молиялаштирилади.
Ойбек кўчасидаги 40- ва 42-уйларда ишга туширилган қозонхоналар гелио сув иситгичлари билан жиҳозланган. Ушбу қозонхона анъанавий марказлашган иситиш тизимига қараганда бирмунча афзалликларга эга. Қозонхонада замонавий технология асосида қуёш нуридан иссиқлик энергияси ишлаб чиқарилиб, хонадонларга керакли миқдорда тақсимланади. Бу ёқиладиган табиий газни тежаш, истеъмолчиларга иссиқлик энергияси етказиб беришда йўқотишлар ва қиш мавсумида авария ҳолатларининг олдини олиш, ортиқча сарф-харажатларни камайтириш имконини беради.
Лойиҳанинг қиймати 460 миллион сўм бўлиб, харажатлар "Тошиссиққуввати" ишлаб чиқариш бирлашмаси унитар корхонаси ҳисобидан қопланган.
Давлат раҳбари ушбу локал қозонхонани кўздан кечирди.
"Мазкур соҳадаги ишлардан кўзланган асосий мақсад кўп қаватли уйларда яшовчи аҳоли учун қулай шарт-шароит яратишдир, —деди Шавкат Мирзиёев. —Коммунал соҳани янада такомиллаштириш ва кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш учун қуёш энергияси асосида ишлайдиган иссиқлик энергияси тизимига ўтишни ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда. Шу нуқтаи назардан, Тошкент шаҳрида келгуси уч йилга мўлжалланган алоҳида тизим ишлаб чиқамиз. Бу тизим қуёш энергияси ёрдамида уй-жойлар ва ижтимоий объектларни иссиқ сув ва энергия билан узлуксиз таъминлаш, энергия ресурсларини тежаш ва аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилади".
Давлат раҳбари гелиоқурилмалар ишлаб чиқарувчи маҳаллий корхоналар маҳсулотлари намуналари билан ҳам танишди.
Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.