ТОШКЕНТ, 5 май — Sputnik. Тошкент ҳокимияти Яшнобод туманида "Роҳат" айланмаси деб аталмиш йўлда янги боғланма кўприк йўл тармоғини барпо этиш масаласини ўрганиб чиқмоқда. Қурилиш ишларини шу йилда бошлаш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Sputnik мухбирига Автомобил йўллари давлат қўмитаси ходими хабар берди.
"Биз мазкур лойиҳани икки босқичда амалга оширишни режалаштирдик. Бу жуда катта иш хажми билан боғлиқ. Чунки йўл тармоғига уланган Чирчиқ дарёси бўйлаб янги кўприк барпо этилади. Эски кўприк эса демонтаж қилинади. Биринчи босқичда бедопоя барги шаклидаги йўлнинг бир қисми барпо этилади. Бу йўл тармоғи Қуйлиқ бозори йўлидан "Крестик" деб аталмиш чораҳагача бўлган йўналишдаги йўл қисми ҳисобланади", — деб таъкидлади қўмита вакили.
Иккинчи босқичда эса Чирчиқ дарёси орқали ўтадиган янги кўприк қурилиши бошланади ва унга боғланган йўл қисми реконструкция қилинади. Параллел равишда йўлнинг қолган қисмини барпо этиш ишлари олиб борилади.
Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.