ТОШКЕНТ, 5 май — Sputnik. Жиноят ишлари бўйича Бағдод туман судида Фарғона вилоятида яшовчи Нодиржон Азизов диний-экстремистик фаолият юритгани учун судланди.
Суд маълумотларига кўра, Азизовни 2014-2015 йилларда Москвадаги қурилишларда ишлаб юрган пайтида "Ислом давлати" экстремистик ҳаракати эмиссарлари ўз сафларига даъват қилишган.
"У ўзининг "Одноклассники" ижтимоий тармоғидаги саҳифасига ИШИД байроғи тасвирини ҳамда ушбу террорчилик гуруҳини тарғиб қилувчи материалларни жойлаган. Шунингдек, у диний-экстремистик ташкилот етакчиси Абдуллоҳ Бухорийнинг даъватларини тинглаган ва синфдошлари Н.Сотволдиев, Ш.Мирзокаримов, Ю.Пайғамбарқулов ҳамда бошқа танишларини ИШИДга қўшилишга даъват қилган", — деди МХХ вакили Sputnik мухбирига.
Азизовнинг аккаунти ва уяли телефонида топилган материаллар экспертиза хулосасига кўра экстремистик ва миллий, ирқий, этник, диний раҳна солувчи, Ўзбекистон жамоат хавфсизлигига таҳдид қилувчи руҳда эканлиги маълум бўлди.
Суд жиноят ишини кўриб чиқиб Нодиржон Азизовни Ўзбекистон Жиноят кодексининг қатор моддалари бўйича 4 йилга озодликдан маҳрум қилишга ҳукм чиқарди.
Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.